Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор Серго Сутягин 28 июль куни 84 ёшида коронавирус оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Facebook`даги Шаҳарсозлик Тўлқини жамоат саҳифасида маълум қилинди.

Серго Сутягин лойиҳалари асосида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги киносарой («Панорама»), «Космонавтлар» метро бекати, «Аркада» савдо маркази, Чирчиқ шаҳри кириш қисмидаги Кранлар ёдгорлиги, Термиз, Урганч, Қарши ва Бухородаги аэропортлар, Нукусдаги Игорь Савицкий музейи қурилган.

Москвада унинг лойиҳасига биноан Шереметьево боғидаги фашизмга қарши уруш пайтида ҳалок бўлганлар хотирасига обелиск — «Хотира дарвозаси» қурилган.