Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимлиги Rost24 нашрининг «Ибрат» маҳалласида болалар майдончаси очилиш маросимидан сўнг унинг сунъий қопламаси ташкилотчилар томонидан йиғиштириб олингани тўғрисидаги хабарига жавоб қайтарди.

Хабарда айтилишича, ушбу ҳаракатлар болаларнинг кўз ўнгида амалга оширилган. Сайт маълумотларига кўра, майдонча туман ҳокимлиги, Миллий гвардия ва Enter Engineering компанияси томонидан барпо этилган.

«Ўзбекистон 24» репортажидан лавҳа.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, «орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтган, кун иссиқлиги сабабли ётқизилган чимлар яроқсиз ҳолга келган». Шу сабабли уларни алмаштириш мақсадида эски чимлар олиб ташланган. Янги чимлар жорий йил 1 августга қадар ётқизилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, Миллий гвардия ташаббуси ва саъй-харакатлари билан Зангиота тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда ушбу маҳалла тубдан ўзгармоқда. Маҳаллада болалар учун майдонча бўлмаган. Миллий гвардия ташаббуси ва саъй-харакатлари билан болалар майдончаси барпо этилди. «Ёзги таътилни ҳисобга олган холда болалар зерикиб қолмасликлари учун болалар майдончаси қисқа фурсатда фойдаланишга топширилди», — дейилади хабарда.