Марказий сайлов комиссияси 29 июль куни бешта сиёсий партиянинг ваколатли вакилларини рўйхатдан ўтказди, деб хабар қилди МСК матбуот хизмати.

Сайлов кодексининг 34 моддасига мувофиқ, Ўзбекистон президентлиги, Қонунчилик палатаси депутатлиги ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Бешта партиянинг ваколатли вакиллари қуйидагилардан иборат:

  • Якубов Бахтиёр Султанназирович — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси;
  • Маматхонов Баҳодиржон Мўллажон ўғли — «Миллий тикланиш» демократик партияси;
  • Раҳмонов Абдукамол Шодиевич — «Адолат» социал-демократик партияси;
  • Сангинов Саидрасул Саидакпарович — Ўзбекистон Экологик партияси;
  • Вафоев Улуғбек Назарович — Халқ демократик партияси;

МСК партия вакилларига рўйхатга олинганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни (мандатларни) топширди. Вакилларнинг ваколат муддати сайлов якунлари бўйича натижалар матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган деб ҳисобланади.

МСК Ўзбекистон президенти сайлови куни этиб 24 октябрни белгилади. Сайлов кампаниясига эса 23 июлдан бошлаб старт берилди.