Туркиядаги ўрмон ёнғинлари

Фото: Ozan Efeoglu/Getty Images

Фото: Mustafa Ciftci/Getty Images

Фото: Cevin Dettlaff/Getty Images

Туркиянинг жанубидаги ўрмон ёнғинлари сабабли 180 дан ортиқ киши жароҳатланди. «Иссиқлик туфайли ёнғинлар кутилган эди, аммо афсуски, улар деярли бир куннинг ўзида содир бўлди. Уларни тўлиқ назорат остига олиш учун вақт керак бўлади», — деди қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирли.

28 июль, чоршанба куни Aнталия вилояти губернатори маъмурияти Манавгат ҳудудида кучли ўрмон ёнғини бошланганини эълон қилди. Ёнғинни ўчиришда иккита самолёт, 19 та вертолёт ва 192 та ўт ўчирувчи восита қатнашди. Кучли шамол ва иссиқ ҳаво туфайли ёнғин тезда кенг майдонга тарқалди. Пайшанба куни Манавгатдаги ёнғин назоратга олинди. Уч киши ҳалок бўлди, 122 киши жароҳат олди.

Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, ҳокимият аҳоли ва сайёҳларни кучли ўрмон ёнғинлари авж олган Мармарис курорти ҳудудидаги меҳмонхоналардан эвакуация қилишни бошлади. Шунингдек, Aнталия вилоятининг Aксеки туманида, Мерсин вилоятининг Силифке туманида, Aдана вилоятининг Караисали туманида, Османие вилоятининг Пос туманида ва Кайсери вилоятининг Яхьяла туманида ўрмон ёнғинларини ўчириш ишлари давом этмоқда. Шундай қилиб, сўнгги икки кун ичида Туркиянинг 13 вилоятида 41 та ўрмон ёнғинлари содир бўлди, улардан 31 таси назоратга олинди. — Газета.uz


Бразилияда совуқ тушиб, қор ёғди

Бразилиянинг бир қатор ҳудудларида мамлакат учун рекорд даражада паст ҳарорат ўрнатилиб, қор ёғди. Таъкидланишича, дам олиш кунларида ҳам совуқ об-ҳаво кутилмоқда. 28 июль куни энг паст ҳарорат (-7,8) Сан-Хаким шаҳрида қайд этилди. 30 июль куни Порто Aлегре, Флорианополис, Куритиба, Сан-Паулу ва Кампо-Гранде шаҳарларида ҳаво ҳарорати 5 даражадан пастга тушади.

Шу билан бирга, совуқлар ҳосилга таъсир кўрсатгани айтилмоқда. Фермерларнинг таъкидлашича, кофе, шакарқамиш, пахта, маккажўхори ва турли сабзавот экинлари плантациялари зарар кўрган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари нархи аллақачон ошиб кетган. Шунингдек, кофе ва мева нархларининг сезиларли даражада кўтарилиши кутилмоқда.


Япониянинг Фукуи префектурасида кўчкилар туфайли 120 дан ортиқ киши яккаланган ҳолда қолди

NHK’нинг хабар беришича, тоғли Отани ва Такасу қишлоқларидаги кўчкилар йўлларни бузган. Ҳаммаси бўлиб 61 хонадон ва 121 киши яккаланган ҳолда қолиб кетди. Фукуи шаҳрида кучли ёғингарчилик йўлларни сув босишига олиб келди. Баъзи жойларда сув даражаси 10 сантиметрга етмоқда. Маҳаллий ҳокимият идоралари 29 июль куни эрталаб 16 та тумандаги 64 мингга яқин кишини эвакуация қилиш тўғрисида кўрсатма берди. Япония метеорология агентлиги Фукуи префектурасида 24 соат ичида 150 мм гача ёғингарчиликни, шунингдек, қўшни Тояма ва Ишикава префектураларида 100 мм гача ёғингарчиликни прогноз қилмоқда. — NHK.


Малайзия мухолифати мамлакат бош вазирини истеъфога чиқишга чақирмоқда

Малайзия мухолифати Халқ адолат партияси раҳбари Aнвар Иброҳим фавқулодда ҳолатни бекор қилган мамлакат бош вазири Муҳиддин Яссинни истеъфога чиқишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, «Муҳиддин Яссин ҳукумати конституцияни бузиб, конституциявий монархия институтини ҳақорат қилган ва парламентни йўлдан оздирган». Таъкидланишича, бош вазир фавқулодда ҳолат режимини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганида Малайзия олий раҳбарининг розилигини олмаган.

29 июль куни Малайзиянинг олий раҳбари Aбдуллоҳ Рияятуддин ал-Мустафо Биллаҳ фавқулодда ҳолатнинг бекор қилинишига рози эмаслигини айтди ва Муҳиддин Яссинни танқид қилди. Мамлакат конституциясига кўра, фақат олий раҳбар фармонларни бекор қилиш ва бекор қилинганлигини эълон қилиш ҳуқуқига эга. — ТАСС.


200 мингга яқин мансабдор шахсга давлат тили сертификатисиз ишлашга рухсат берилмаяпти — Рада депутати

Украинада 200 мингга яқин мансабдор шахслар давлат тилини билиш сертификати йўқлиги сабабли иш бошлай олмаяпти. Бу ҳақда Олий Рада депутати Максим Бужанский маълум қилди. «Тил тўғрисидаги „ажойиб“ қонун туфайли бутун давлат машинаси қайта тикланмайдиган йиртқич ҳайвон каби қотиб қолди. 10-модданинг иккинчи банди давлат лавозимларига тайинланганларнинг ҳаммасидан, мутлақо барчадан, истисносиз, тилни билиш сертификатига эга бўлишларини талаб қилади. Ва 16 июлдан буён амалдорларнинг улкан армияси, айтилишича, улар сони икки юз мингга яқин, иш бошлай олмай, тайинланмасдан, ҳеч нарса қила олмай қолган», — деб ёзган депутат Telegram-каналида.

16 июль куни Украинада кино саноатини украинлаштириш, украин тилида тадбирларни мажбурий ўтказиш ва давлат тилини билиш даражаси бўйича имтиҳонларни жорий этишга оид «Украина тилининг давлат тили сифатида ишлашини таъминлаш тўғрисида"ги қонуннинг янги нормалари қабул қилинди. Эндиликда давлат хизматига кириш учун яна бир ҳужжат — давлат тилини билиш даражаси тўғрисида сертификат топшириш керак.


Мьянма COVID-19'нинг супер-тарқатувчисига айланиши мумкин — БМТ

Мьянмадаги вазият COVID-19'нинг бутун минтақада тарқалишига олиб келиши мумкин, деди БМТнинг Мьянмадаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Том Эндрюс. Мамлакатда касалликка чалинган ва вафот этганлар аниқ сони номаълум, деди у. Шу билан бирга, Эндрюс Мьянма дунё аҳолисининг учдан бир қисми яшайдиган мамлакатлар билан чегарадошлигини эслади. Шу муносабат билан ташкилот вакили БМТ Хавфсизлик Кенгашининг февраль ойида қабул қилинган резолюциясини тасдиқлашга ва Мьянмада ўт очишни тўхтатишга чақирди. Унинг қўшимча қилишича, халқаро ҳамжамият, шу жумладан Мьянма билан чегарадош давлатлар ўз чегараларида COVID-19'нинг назоратсиз тарқалиши оқибатларининг олдини олиш учун тезда ҳаракат қилишлари керак. — The Guardian.


Шунингдек:

  • АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда Беларус муҳолифати етакчиси Светлана Тихановскаяни қабул қилди. Байден АҚШ «Беларус халқини демократия йўлида қўллаб-қувватлашини» таъкидлади.
  • Украина президенти Владимир Зеленский «Миллий қаршиликнинг асослари тўғрисида» ва Украина Қуролли кучлари сонини кўпайтириш тўғрисида қонунларни имзолади. «Бу ҳар кимга кучли сигнал бўлсин-ки, бизнинг мамлакатимиз ўзини ҳимоя қилади, 2014 йилги воқеаларга йўл қўймайди», — деди Зеленский.
  • Педро Кастильо расман Перу президенти лавозимига киришди.
  • Pfizer-BioNTech коронавирусга қарши вакцинасининг самарадорлиги, препаратнинг иккинчи дозаси беморларга юборилгандан олти ой ўтгач, 96% дан 84% гача камайди.