28 июль куни АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда Беларус оппозицияси раҳбари Светлана Тихановская билан учрашди.

«Светлана Тихановская билан бугун эрталаб Оқ уйда учрашиш мен учун шараф эди. Қўшма Штатлар Беларус халқини демократия ва умумбашарий инсон ҳуқуқлари йўлида қўллаб-қувватлайди», — дея Жо Байден Twitter`да ёзиб, суҳбатлари акс этган фотосуратни жойлаштирди.

Светлана Тихановская, ўз навбатида, АҚШ президентига «ўзларининг эркинликлари учун тинчлик билан курашаётган миллионлаб қўрқмас беларуслар билан бирдамликнинг кучли белгиси» учун миннатдорлик билдирди ва Жо Байденни Беларусга «демократияга зўравонликсиз ўтишнинг муваффақиятли намунаси бўлишига ёрдам беришга» чақирганини маълум қилди.

Тихановская АҚШга сафари доирасида давлат котиби Энтони Блинкен, АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, USAID раҳбари Саманта Пауэр ва беларус диаспораси вакиллари билан ҳам учрашди.

Июнь ойи бошида Ryanair самолётининг мажбуран қўндирилиши ва мухолифатчи журналист Роман Протасевичнинг ҳибсга олинишига жавобан АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва Буюк Британия расмийлари Беларусга қарши санкцияларни кенгайтирган эдилар.