Яна антирекорд: бир кунда 843 кишида коронавирус аниқланди

Кеча Ўзбекистонда 843 нафар кишида коронавирус инфекцияси қайд этилди. 556 нафар кишида пневмония аниқланиб, 8 нафар бемор вафот этди.

Қашқадарёда 10,4 млрд сўмлик давлат харидларига оид иш ва хизматлар шартномасиз бажарилаётганлиги аниқланди

Антикоррупция агентлигининг Қашқадарё вилоятида ўтказган ўрганишлари натижасида давлат харидларига оид амалдаги эълонлар бўйича 32 та ҳолатда 10,4 млрд сўмлик иш ва хизматлар ҳали шартномалар тузилмасдан пудратчилар томонидан бошлаб юборилганлиги аниқланди. Эълон муддати ҳали тугамаган баъзи ишлар 100 фоиз бажарилган.

Самарқандда 5 та уй ёниб кетди

Самарқанд вилоятида 5 та уй ёниб кетди. Ёнғин кучли шамол оқибатида катта майдонга тарқалган. Уни ўчиришга 1 соатдан ошиқ вақт кетди. Ёнғин натижасида жароҳат олганлар йўқ.

Нотариуслар фаолияти «Сирли мижоз» орқали текширилади

Ҳукумат қарори билан нотариусларнинг қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан назорат қилиш, жумладан, режали, қисқа муддатли, камерал текширувлар ўтказиш тартиби белгиланди. Шу билан бирга, нотариуслар адлия органи раҳбарининг буйруғи асосида «Сирли мижоз» тадбири ёрдамида текширилади.

Ўзбекистонда 5 июлдан бери пневмониядан 60 киши вафот этди

Ўзбекистонда 5 июлдан бери 8723 нафар беморларда пневмония аниқланган бўлиб, уларнинг 2770 нафари соғайиб чиққан. Шу кунгача беморларнинг 60 нафари вафот этди. Вилоятлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (3240), Тошкент (1288) ва Жиззах вилоятида (998) қайд этилган.

Ярим кунга сув таъминотидан узилган аҳолига махсус машиналарда ичимлик суви етказиш таклиф этилди

Қонунчилик палатаси томонидан ичимлик суви таъминотига оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, ҳар ойда камида бир марта ҳисоблагичлар ҳолатини ўрганиш, ичимлик суви таъминотида узилишлар давомийлиги 12 соатдан ошса аҳолини махсус машиналарда ичимлик суви билан таъминлаш ва тарифлар нархи ўзгариши ҳақида 15 кун олдин хабардор қилиш таклиф этилмоқда.

Миграция ва одам савдоси бўйича Telegram-бот ишга туширилди

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига ёрдам беришга мўлжалланган Telegram-бот ишга туширилди. Унда чет элда ишлаш ва яшаш қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, чет элда ишлаётганларни қўллаб-қувватлаш турлари тўғрисида билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, ботга одам савдоси тўғрисида маълумот юборилиши мумкин.

АҚШ Ўзбекистон болалар боғчалари учун $21 млн ажратади

АҚШ «Ўзбекистонда таълим ва болалар учун озиқ-овқат» дастури доирасида мактабгача таълим муассасалари учун 21 млн доллар ажратади. Мазкур маблағ 400 дан ортиқ мактабгача таълим муассасаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 245 та қишлоқ ва кам таъминланган МТТларига йўналтирилади.

«Мурожаатларнинг 30 фоизи ижобий ҳал бўлган». Омбудсманнинг 6 ойлик фаолияти сарҳисоб қилинди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Омбудсманга 9 632 та мурожаат келиб тушган, бу ўтган йилга нисбатан 32 фоизга кўп. Ҳозирга қадар уларнинг 30 фоизи ижобий ҳал қилинган. Натижада 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилган. 16 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган, қолаверса, 10 дан ортиқ фуқаро ишга тикланган.

Энди «тонировка» рухсатномаси фақат ягона портал орқали берилади

1 октябрдан «тонировка» га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат my.gov.uz орқали кўрсатилади. Рухсатнома 1 йил муддатга берилади ва ойналар ҳайдовчи томонидан мустақил равишда қорайтирилади.

Токио-2020. Ўзбекистонлик дзюдочи Давлат Бобонов бронза медаль соҳиби бўлди

-90 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик дзюдочи Давлат Бобонов Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон делегациясига иккинчи медални тақдим қилди.

Президент меҳрибонлик уйларини Миллий гвардия масъуллигига ўтказишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги 21-меҳрибонлик уйига ташриф буюрди. Президент таъкидлашича, «меҳрибонлик уйида шароитлар яхши, лекин тарбияланувчиларнинг 18 ёшдан кейинги мустақил ҳаётига кўмаклашувчи масъул идора йўқ». Шу сабабли, давлат раҳбари барча меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Миллий гвардия масъуллигига ўтказиш таклифини билдирди.

Япония қишлоқларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга грант ажратади

Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг узоқ қишлоқларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга 2,7 млн доллардан кўпроқ миқдорда грант ажратмоқда. Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида Маҳалла вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Токио-2020: Ўзбекистон Олимпиаданинг бешинчи кунини бронза медали билан якунлади

Токиодаги Олимпиаданинг бешинчи кунида дзюдочи Давлат Бобонов бронза медали соҳибига айланиб, Ўзбекистон терма жамоасига мусобақадиги иккинчи медални келтирди. Боксчилар Миразизбек Мирзаҳалилов ва Дилшод Рўзметовлар Олимпия ўйинларидаги иштирокларини тугатишди. Дзюдочи Гулноза Матниязова ҳам якка баҳслардаги иштирокини муваффақиятсиз якунлаб, аралаш жамоавий йўналишдаги иштирокига тайёрланади.

«Болалар ғамхўрликни тўлиқ ҳис қилаяпти-ми? Афсуски, йўқ». Президент — меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳақида

Чоршанба куни ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев меҳрибонлик уйларидаги болалар ғамхўрликни тўлиқ ҳис қилмаётганини қайд этди. Шунингдек, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва Халқ таълими вазирлиги меҳрибонлик уйлари билан етарлича ишламагани танқид остига олинди. Шундан келиб чиқиб, 16 та «Меҳрибонлик уйи» ва 4 та «Болалар шаҳарчаси» Миллий Гвардия тизимига ўтказилиши маълум қилинди.

Тошкентнинг Миробод туманида 500 дан зиёд пешлавҳалар «тўғриланди»

Тошкентнинг Миробод туманида бир қатор кўчалардаги 500 дан зиёд ташқи ёзувлар ва ахборот матнлари «Давлат тили тўғрисида"ги қонунга мослаштирилди. Жумладан, «Beauty salon», «Слоённая самса», «Аптека» каби ёзувлар ўзбекчалаштирилди.

«Вакцина олганлар шифохонадан 4 кунда чиқяпти, эмланмаганларга жуда оғир бўляпти» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев олимларнинг тадқиқотига асосланиб коронавирус билан кураш ҳали яна камида 10 йил давом этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шу сабабдан «Спутник V» ва UZVAC вакциналарини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича муҳокамалар бормоқда. Президент фуқароларни коронавирусга қарши эмланишга чақирди. «Вакцина олганларга шифохонадан 4 кунда чиқяпти, эмланмаганларга эса жуда оғир бўляпти», — деди у.