Ўзбекистонда 27 июль куни пандемия бошидан бери антирекорд янглиланди — 843 киши коронавирусга чалинди. COVID-19 расман қайд этилганлар сони 126 627 нафарга етди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бундан ташқари, кеча кун давомида 556 нафар кишида пневмония аниқланди. Қайд этиш лозим, ушбу кўрсаткич ҳам ССВ пневмония ҳолатларини беришни бошлаган санадан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бундан аввалги антирекорд 26 июль куни қайд этилган бўлиб, унда 521 кишида пневмония аниқланган.


27 июль куни 825 нафар бемор касалликдан соғайиб, соғайганлар жами 121 145 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 8 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 853 нафарни ташкил қилди. Ушбу кўрсаткич ҳам вафот этганлар сони бўйича қайд этилган энг юқори кўрсаткич. Бундан аввал, 23 ва 25 июль кунлари 7 киши вафот этган эди.

Маълумот учун, коронавирусга чалиниш бўйича бундан аввалги антирекорд 26 июль куни қайд этилган бўлиб, унда 789 кишида коронавирус аниқланган эди.

Эслатиб ўтамиз, ССВ 2 июлдан бошлаб айни вақтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони ҳақида маълумот бермаяпти.