27 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар томонидан «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда қуйи палата матбуот хизмати.

Қонунчилик палатаси маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда аҳолининг 65 фоизи марказлашган ичимлик суви, 17 фоизи оқова сув хизматлари билан таъминланган. 9 408 та сув таъминоти ва 58 та канализация иншооти 72 минг км ичимлик суви ҳамда 8,6 минг км оқова сув тармоқлари орқали хизматлар кўрсатилиб келинмокда, дейилади хабарда.

Қонун лойиҳаси билан:

  • ҳар ойда камида бир маротаба кўрсатилаётган хизматлар миқдорини аниқлаш ва ҳисоблагичлар ҳолатини ўрганиш;
  • режали тўхталиш ёки тизимдаги узилишларни бартараф этиш давомийлиги 12 соатдан ошган тақдирда аҳолини махсус машиналарда ичимлик суви билан таъминлаш;
  • 1 кун мобайнида тармоқларда бузилишлар, тўхталиш муддатлари ва чекланишлар сабаблари ҳакида истеъмолчиларни хабардор килиш;
  • тарифлар ва устама ҳақларининг нархи ўзгариши ҳақида 15 кун олдин истеъмолчиларни хабардор қилиш сув таъминоти ташкилотларининг мажбурияти қилиб белгиланмоқда.

«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳани барқарор ривожлантиришга, хизматлар сифатини оширишга, истеъмолчилар томонидан ичимлик ва оқова сув қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олишга ҳамда истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида очиқ, тенг ҳуқуқли механизмлар жорий этилишига хизмат қилади», — дея таъкинланди Қонунчилик палатаси хабарида.