Ўзбекистон лабораториялари «Путешествую без COVID-19» («COVID-19`сиз саёҳат қиламан) иловасига қўшилди, деб хабар бермоқда Spot.

ПЗР тестини 87 пунктда топшириш мумкин, дея маълум қилди хизматни ишлаб чиққан Евроосиё тараққиёт банкининг (ФЦИ ЕАБР) Рақамли ташаббуслар жамғармаси матбуот хизмати. Фойдаланувчилар дастурдаги энг яқин пунктларнинг тўлиқ рўйхати билан танишишлари мумкин.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Россияга Озарбайжон, Молдова, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳудудларидан келганлар учун «Путешествую без COVID-19» иловасидан фойдаланиш мажбурий бўлади.

Бугунги кунда ушбу иловадан Россияга келишда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо мамлакатлар: Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан фаол фойдаланилмоқда. Фойдаланувчилар ушбу дастурни 530 минг мартадан кўпроқ юклаб олишган ва у орқали 600 мингдан ортиқ ПЗР-тест натижаларини олишган.

Кейинчалик иловада акс этиши учун таҳлилларни 1942 пунктда топшириш мумкин. Арманистонда 62 та, Беларусда — 48 та, Қозоғистонда — 424 та, Қирғизистонда — 144 та, Россияда -1100 та, Тожикистонда — 77 та ва Ўзбекистонда — 87 та пунктлар очилган. Иловани App Store, Google Play ва AppGallery (Huawei иловалар дўкони) да юклаб олиш мумкин.

Spot қайд этишига кўра, илованинг вазифаси коронавирус пандемияси шароитида фуқароларнинг мамлакатлар ўртасида эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашдан иборат. Рақамли ечим касаллик тарқалиш хавфини камайтиради ва давлатлараро даражада ишончли бошқарув тизимини таъминлайди.

Шу билан бирга, дастурнинг ўзига хослиги шундаки, трансчегаравий маълумотлар алмашинуви пайтида фуқароларнинг шахсий маълумотлари узатилмайди.

Барча маълумотлар фақат тест ўтказилган миллий даражада қолади. Натижада, шахсий маълумотларни қайта ишлаш фақат миллий қонунларга мувофиқ амалга оширилади.