27 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) шу йилнинг ўтган олти ойидаги фаолияти сарҳисобига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Омбудсман Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, 6 ой ичида Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари, омбудсманлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва бошқалардан жами 9 632 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,3 фоизга (6484 та) кўп.

Шундан 723 таси шахсий қабулларда, 83 таси сайёр қабулларда, 3812 таси почта ва телеграф, 1580 таси ишонч телефони, 303 таси жазони ижро этиш муассасаларидаги омбудсманга мурожаат қутилари, 83 таси президентнинг виртуал қабулхонаси ва яна 1494 таси интернет орқали келиб тушган. Қолган 1554 та мурожаат аноним ва мазмунан такрорийлардан иборатлиги айтилди.

«Мурожаатларнинг 40 фоизга яқини фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига тегишли. 30,4 фоизга яқини ижтимоий ҳуқуқларга, 24 фоизи иқтисодий ҳуқуқларга, 5 фоизга яқини сиёсий ҳуқуқларга ва 1 фоизга яқини экологик ҳуқуқларга тегишли бўлган мурожаатлардир», — деди у.

Бугунги кунда назоратга олинган мурожаатларнинг 30 фоизга яқини ўз ечимини топаётгани маълум қилинди.

«Сизда „нима учун атига 30 фоизи?“, деган савол туғилиши мумкин. Айтишимиз керакки, омбудсман ваколатига тегишли бўлган ва назоратга олинган мурожаатларнинг 30 фоизи ижобий ҳал бўлган. Агар энг ривожланган демократик мамлакатларнинг омбудсмани фаолияти ва мурожаатлар билан ишлаши самарадорлигига эътибор қаратадиган бўлсак, энг яхши натижа 22 фоиздан 30 фоизгача эканлигини кўришимиз мумкин», — деди Омбудсман.


Бундан ташқари, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилган. Масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилиб, 16 нафар давлат идоралари ходимлари турли даражадаги жавобгарликларга тортилди.

Суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди.

Таъкидланишича, судларга фуқароларнинг 107,4 млн сўм меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 8 та даъво аризаси киритилиб, 24 нафар фуқарога 345,8 млн сўмлик меҳнат ҳақи тўланиши таъминланган.

10 дан ортиқ фуқаро ишга тикланди, 2 нафар фуқаро иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун 4,4 млн сўмлик соғлигига етказилган зарар ундирилди.

Йиғилишда шунингдек, фуқароларга 108 млн сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилгани, мурожат этувчилар фойдасига суд қарорларида белгиланган 164,8 млн сўмлик зарар ундирилгани айтилди.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши («снос») муносабати билан 9 та фуқарога уй-жой ажратилишида ёрдам берилган. Тадбиркорларга 135 млн сўмлик ортиқча тўланган солиқни қайтаришда кўмак кўрсатилган.