Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни кам таъминланган оилалар ҳамда меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчи болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Давлат раҳбари сўзи аввалида бугунги йиғилишда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини қайд этди.

«Албатта, ҳар бир гўдак бу ёруғ дунёга келар экан, унга ҳамма ота-онаси бағрида яйраб ўссин, бахтли-саодатли бўлсин, деб тилак билдиради. Лекин, тақдир тақозоси билан уларнинг айримлари ота-она меҳридан бенасиб қолади. Бундай ҳолатда бу норасида болаларнинг асло айби йўқ эканини барчамиз яхши тушунамиз, албатта», — деди у.

Ҳозирги кунда:

  • 13 та «Болалар уйи»да 560 нафар болалар (3−4 ёшгача);
  • 16 та «Меҳрибонлик уйи» ва 4 та «Болалар шаҳарчаси»да 1,8 минг нафар болалар (3 ёшдан 18 ёшгача);
  • 86 та махсус интернатда 21 минг нафар болалар (7 ёшдан 18 ёшгача);
  • ҳомийлик, васийлик, оила патронати асосида 79 минг нафар болалар тарбияланмоқда.

«Лекин, бир ўзимизга савол берайлик, ушбу меҳрга муҳтож болалар ғамхўрликни тўлиқ ҳис қилаяпти-ми? Афсуски, йўқ. Бугун Юнусободдаги 21-сон «Меҳрибонлик уйи»га борганимда, на соҳага масъул вазирлик, на ҳудуд сектор раҳбарлари бу ердаги муҳит ва шароит билан ишламагани аён бўлди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мисол учун, сўнгги 10 йилда «Меҳрибонлик уйлари» ва «Болалар шаҳарчалари»ни уй-жойга муҳтож 1 минг 188 нафар битирувчиларидан 610 нафарига ёки 51 фоизига уй-жой ажратилган.

«Меҳрибонлик уйлари»даги таълим-тарбия ишлари ҳам мутлақо қониқарсиз.

Шунингдек, «Меҳрибонлик уйлари» битирувчиларининг атиги 1,6 минг нафари ёки 64 фоизи иш билан таъминланган.

Шу каби, ўтган йили ихтисослашган мактабларни битирган 1,5 мингдан зиёд ногиронлиги бор ёшларнинг атиги 264 нафари ишга жойлаштирилган.

«Очиқ айтиш керак, бугунги кунда халқ таълими тизимига қарашли «Меҳрибонлик уйлари» ва «Болалар шаҳарчалари»даги тарбиячиларнинг 95 фоизи аёллар бўлиб, болалар уларни «она» деб чақиришади. Лекин, «ота» тарбияси-чи? Бу ердаги фарзандларимизни оилага имкон қадар яқин муҳитда тарбиялашимиз учун, албатта, «ота» ва «она» меҳрини бера оладиган тизим яратишимиз керак», — деди президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари болаларни ҳомийлик, васийлик ва оила патронатига бериш ишларига умуман эътиборсиз.

«Шу боис, соҳада мутлақо янги тизим жорий қилинади. 16 та „Меҳрибонлик уйлари“ ва 4 та „Болалар шаҳарчалари“ Халқ таълими вазирлиги тизимидан чиқарилиб, Миллий гвардияга ўтказилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун, Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими ва алоҳида бошқарма ташкил этилади.

Миллий Гвардия раҳбари Рустам Жўраевга икки ҳафта муддатда ҳар бир «Меҳрибонлик уйлари» ва «Болалар шаҳарчалари»га шахсан ўзи бориб, уларга Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ҳар бир гуруҳга малакали офицер ва психологларини бириктириши, логопед ва дефектологларни ишга олиши бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, Рустам Жўраев болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида уларни Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари, полигонлари, «чавандозлар мактаблари»га олиб чиқиб, ҳарбий техникадан фойдаланишга, от спортига ўргатишни ташкил этади.

Икки ой муддатда бириктирилган Миллий гвардия ходимларини болалар билан ишлашга ўқитади.