27 июль куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси бўйича халқаро грант шартномаси имзоланди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Лойиҳа Япония ижтимоий ривожланиш фондининг (JSDF) 2,728 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ҳисобига 2021−2024 йилларда Фарғона вилоятининг Фурқат, Сўх, Ёзёвон, Қўштепа ва Жиззах вилоятининг Янгиобод, Бахмал, Фориш, Зомин туманларидаги маҳаллаларда амалга оширилиши мўлжалланмоқда.

Лойиҳа бўйича грант шартномаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма томонидан имзоланди.

Лойиҳанинг мақсади — чекка қишлоқ ҳудудлардаги «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик қўникмаларини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш ҳамда оилаларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 3 500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бошланғич молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлади. Иккинчи босқичда 350 та бизнес лойиҳалар учун 1,5 млн доллар ажратиш орқали қишлоқ ҳудудидаги аёллар тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинади ҳамда грант доирасида молиялаштирилмаган бизнес лойиҳалар белгиланган тартибда тижорат банклари орқали амалга оширилади.