Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети профессори Бойбўта Дўстқораев 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси хабар бермоқда.

Бойбўта Дўстқораев 1942 йил 12 ноябрда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги «Оқтўнли» қишлоғида туғилган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида 1969 йилдан иш бошлаган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг «Жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи» кафедрасининг мудири сифатида ишлаган.

Ярим асрлик умрини ўқитувчи сифатида шу соҳада журналист кадрлар тайёрлашга бағишлаган.

Бойбўта Дўстқораев «Ўзбекистон журналистикаси тарихи» дарслиги муаллифи. «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори.

2002 йилда президент фармони билан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвони билан тақдирланган.