Жавлон Ваҳобов Ўзбекистоннинг Бразилиядаги (қароргоҳи АҚШда) фавқулодда ва муҳтор элчиси сифатида ўз фаолиятини бошлади. У ишонч ёрлиғини Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Нестер Форстерга топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА хабар бермоқда.

Маросимдан кейин элчилар ўртасида алоҳида суҳбат ташкил этилган. Нестер Форстер ўзбек дипломатини янги тайинлов билан табриклаб, Бразилияда сақланиб қолаётган пандемия ҳолати муносабати билан, шунингдек, Ўзбекистон элчисининг Бразилия ТИВда аккредитациядан ўтишдаги кечикишларнинг олдини олиш мақсадида Бразилия ТИВ раҳбарияти номидан ишонч ёрлиғи нусхасини олиш ваколати топширилганини маълум қилган.

У шунингдек, Бразилия ташқи ишлар вазирлиги номидан Ўзбекистон раҳбариятига Бразилияда ўз вакилини тайинлаш тўғрисидаги қарори учун миннатдорлик билдирган.

Нестер Форстернинг сўзларига кўра, «Бразилия ва Ўзбекистон ўртасида кўплаб соҳаларда улкан очилмаган салоҳият мавжуд ва уларни биргаликда амалга ошириш лозим».

Жавлон Ваҳобов (1980 йилда туғилган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетини тамомлаган) 2015 йил июлдан 2017 йил декабрига қадар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган, унгача эса (2013 йил ноябрдан) вазир ўринбосари бўлган.

2006−2013 йилларда Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашида, 2013 йилда бир муддат Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори сифатида ишлаган.

У 2017 йилдан бери Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишлаб келмоқда.

Жавлон Ваҳобов шунингдек, Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи — Вашингтонда) ҳам ҳисобланади.