АҚШ Ироқдаги ҳарбий операциялардаги иштирокини 31 декабрга қадар тугатади, гарчи у Ироқ хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашда давом этса ҳам, дея хабар бермоқда РИА Новости икки мамлакат баёнотларига таяниб.

«Делегациялар яқинда бўлиб ўтган техник музокаралар якунлари бўйича хавфсизлик муносабатлари бутунлай ўқув машғулотлари, маслаҳатлашувлар, разведка маълумотлари бўйича ёрдам ва алмашишга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилишди ва 2021 йил 31 декабригача АҚШ кучлари ҳарбий роль ўйнамаслиги тўғрисида қарор қабул қилдилар», — дейилади АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Ироқ ташқи ишлар вазири Фуад Хусейн ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича баёнотда.

«АҚШ Ироқ хавфсизлик кучларини, шу жумладан пешмерга (Ироқ Курдистонидаги курд ҳарбийлари)ни келажакдаги таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини оширишда ёрдам бериш учун қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида», — дейилади баёнотда.

Баёнотда америка қўшинларининг мамлакатдан олиб чиқилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, ҳозирда 2,5 мингга яқин АҚШ ҳарбийлари Ироқ ҳудудида бор.

Душанба куни АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда Ироқ бош вазири билан музокаралар олиб боради. Учрашув якунлари бўйича томонлар АҚШнинг ушбу мамлакатдаги ҳарбий миссияси тугаганлигини эълон қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ майдан бошлаб Афғонистондан ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни бошлагани ва бу жараённи 11 сентябрь — Халқаро савдо маркази ва Пентагон биноларига уюштирилган терактларнинг 20 йиллигига қадар якунлаш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

«Биз 2001 йилда Афғонистонга Ал-Қоидани йўқ қилиш ва Афғонистонда АҚШга қарши режалаштирилган террористик ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида боргандик. Бизнинг мақсадимиз аниқ эди. Сабаби эса адолатли эди. НАТОдаги иттифоқчиларимиз ва шерикларимиз биз билан бирлашишди. Биз ушбу мақсадга эришдик», — деган эди АҚШ раҳбари.