Токиодаги Олимпия ўйинларининг тўртинчи кунида беш нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этди.

Дзюдо. Кунни ўзбекистонлик спортчилар номидан Фарангиз Ҳожиева бошлаб берди. -63 кг вазн тоифасида курашаётган спортчи дастлабки баҳсни Кабо-Верде вакиласи Сандрин Биллетга қарши ўтказди, аммо мағлуб бўлиб, медаллар учун курашни тарк этди.

Фарангиз Ҳожиева

Яна бир ўзбекистонлик дзюдочи Шарофиддин Болтабоев Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги дебютини ишончли ғалаба билан бошлади. У Хуго Кумбога қарши баҳсда ўз ғалабасини тантана қилиши учун бир неча сониялар етарли бўлди.

Шарофиддин Болтабоев иккинчи даврани болгариялик Ивайло Ивановга қарши ўтказди. Беллашувда ўзбекистонлик спортчи ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди.

Шарофиддин Болтабоев (оқ кийим)

Шарофиддин Болтабоев мазкур босқичда Шамил Борчашвили билан баҳс олиб борди. Ушбу курашда ўзбекистонлик спортчи қўшимча дақиқада вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди. Бироқ у бронза медали учун курашиш имконини сақлаб қолган эди.

У ўтиш босқичида грузиялик Тато Григалашвили билан баҳс олиб борди, бироқ мазкур курашда мағлубиятга учради.

Таэквондо. Ўзбекистонлик таэквондочи Светлана Осипова илк беллашувини қозоғистонлик Жанзел Денизга қарши ўтказди. Беллашув 9:9 ҳисобида якунланаётган бир пайтда сўнгги сонияда ўзбекистонлик спортчи қўл зарбасини ўтказиб юборди ва мағлуб бўлди.

Светлана Осипова (ўнгда)

Бокс. Бобоусмон Батуров дастлабки баҳсда доминиканлик рақибига қарши рингга кўтарилди ва ғалабага эришди. Бобоусмон Батуров шу тариқа чорак финал босқичига йўл олди. Ушбу босқичда у британиялик Пет Маккормакка қарши рингга кўтарилади.

Бобоусмон Батуров

Сузиш. Ўзбекистонлик сузувчи Хуршиджон Турсунов мусобақанинг саралаш босқичида маррага 4-бўлиб етиб келди.

Хуршиджон Турсунов.

Шу тариқа бугун ҳам Ўзбекистон терма жамоаси учун медалсиз бўлди.

Хабар эълон қилинган пайтда Ўзбекистон битта олтин медал билан турнир жадвалида 21-ўринни эгаллаб турибди.