Айрим ҳудудларда президент мактабларига кириш имтиҳонлари бошланди. ЎзА ахборот агентлиги ва Daryo нашри кириш имтиҳонлари ўтказилаётган жойлардан фотосуратларни эълон қилди.

Пандемия муносабати билан 2020/2021 ўқув йилига президент мактабларига қабул жорий йилга қолдирилган эди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Хилола Умарованинг ёзишича, 26, 27 ва 28 июль кунларига белгиланган имтиҳонлар очиқ ҳавода ва карантин чораларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади.

Имтиҳонларни икки сменада ўтказиш режалаштирилган эди: соат 8:00 дан 9:00 гача ва 19:00 дан 20:00 гача. Ота-оналардан фарзандларини белгиланган вақтдан камида бир ярим соат олдин олиб келишлари сўралган. Мамлакатдаги эпидемиологик вазият туфайли имтиҳон вақти 90 дақиқадан 60 дақиқагача қисқартирилди.

Қаршида тест синовлари 26 июль куни «Насаф» стадионида бўлиб ўтди, дея хабар берди Daryo мухбири. 2880 нафар бола учун имтиҳонлар душанба куни 8:15 да бошланди. Жорий йилда ўқувчилар 5−10-синфларга қабул қилинади.

Ота-оналар имтиҳон топшириш вақтида фарзандларини кутмоқда.

Душанба куни «Навбаҳор Умид» стадионида ҳам 5 ва 6-синфлар учун қарийб 6000 ўқувчи имтиҳон топширди.

Блогер Исроил Тиллабоев ўзининг Telegram-каналида Фарғона ва Марғилондаги стадионларда минглаб болалар учун тест синовлари бўлиб ўтганини маълум қилди.

Фото: Исроил Тиллабоев / Telegram.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ синоптиклар Эрон ҳудудларидан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига 24−26 июль кунлари Ўзбекистонда юқори ҳарорат кузатилиши ҳақида хабар берган эди. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан +4…+6 даража юқори бўлиши, кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +41…+44 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда +45…+46 даражагача исиши айтилган эди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова «Газета.uz» илтимосига кўра вазиятга изоҳ берар экан, имтиҳонларни ушбу кунларда ўтказиш бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида апрель ойида ўтказилган йиғилиш баённомасида кўзда тутилган. Кириш имтиҳонларининг бошқа кунларга кўчирилмаслигига эса имтиҳонларни қабул қилиб олувчи буюк британиялик мутахассисларнинг Ўзбекистонга келиши билан боғлиқ, дея қўшимча қилди болалар омбудсмани. Унинг сўзларига кўра, узоқ ҳудудлардан келган болаларнинг ота-оналари ҳам кириш имтиҳонлари саналарининг ўзгаришига қарши бўлган.

«Болалар кириш имтиҳонларини топширишлари учун тегишли шароитлар билан таъминланишлари керак, деб ҳисоблайман, — деди болалар омбудсмани. — Ҳақиқатдан ҳам, ФВВ, ССВ ҳамда Ўзгидромет аномал иссиқ кузатилиши, ҳарорат 46 даража ва ундан баланд бўлишини прогноз қилишган эди. Ҳарорат юқори бўлиши муносабати билан уйда бўлиш тавсия қилинган эди. Тасвирларда айрим болаларнинг ҳақиқатдан ҳам бош кийимсиз, маскаларда ўтиргани акс этган. Бундай ҳароратда қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушадиган очиқ жойда бўлиш бола саломатлигига зарар етказиши мумкин».

Алия Юнусованинг сўзларига кўра, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Хилола Умаровага имтиҳон топшириш учун зарур шароитларни яратишга оид кўрсатмалар ва болалар саломатлиги учун ҳар қандай хавф-хатарлар бўйича огоҳлантиришлар берилди.