2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон ичида ва хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетганлар сони 156,8 минг кишини ташкил қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига (109,5 минг) нисбатан 43,2 фоизга кўпдир. Ушбу даврда кўчиб келганлар сони ҳам ошди — 107,6 мингдан 147,2 минг кишига. Давлат статистика қўмитасининг демографик вазият тўғрисидаги ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.


Манба: «Газета.uz» талаби бўйича Давлат статистика қўмитаси.

Маълумотнома: Келувчилар деб муайян ҳудудга унинг чегаралари ташқарисидан келиб, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганларга, кетувчилар деб эса яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, ҳудуд ташқарисига кетганларга айтилади.

Ўтган йилларда Ўзбекистон ташқарисига доимий яшаш учун кетувчилар сони сезиларли даражада оз бўлган: 2018 йилнинг биринчи ярмида — 6568 киши, 2019 йилда — 4900.

Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (жами хорижга кўчиб кетганларга нисбатан 65,6%), Россия (25,3%), Тожикистон (2,2%), Қирғизистон (1,6%), Украина (1,0%) ва бошқа мамлакатлар (4,3%) ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан кўчиб келганларнинг асосий қисми Қозоғистон (жами хориждан кўчиб келганларга нисбатан 35,9%), Тожикистон (21,6%), Россия (17,1%), Қирғиз Республикаси (6,3%), Туркманистон (4,0%) ва бошқа мамлакатлар (15,1%) ҳиссасига тўғри келган.

Миграция сальдоси (кетувчилар ва келувчилар умумий сони ўртасидаги фарқ) -9,6 минг кишини ташкил этди. Миграция салдоси Қашқадарё (-4,9 минг киши), Тошкент (-4,3 минг киши), Қорақалпоғистон Республикаси, ва Самарқанд вилояти (-4,2 минг киши), Сурхондарё (-3,2 минг киши), Фарғона ва Бухоро (-2,2 минг киши) вилоятларида кўчиб кетганлар сони кўчиб келганлар сонига нисбатан сезиларли даражада баландлиги кузатилди. Миграция салдосининг ижобий даражаси Тошкент шаҳрида (23 минг киши) кузатилди.

Солиштириш учун: 2018 йилнинг биринчи ярмида миграция сальдоси -6,2 минг, 2019 йилда — -3,5 минг, 2020 йилда — -1,9 мингтани ташкил этган.