ЖССТ электрон сигаретлар тарқалишини чеклашга чақирди

ЖССТ электрон сигаретлар тарқалишини чеклаш чораларини жорий этиш, шу жумладан ушбу маҳсулотларнинг соғлиққа зарари тўғрисида идишларида ёзишга мажбурлашга чақирмоқда. «Ушбу маҳсулотлар (электрон сигареталар — таҳр.) кўпинча болалар ва ўсмирларга минглаб жозибали лаззатлар ва чалғитувчи даъволардан фойдаланилган ҳолда реклама қилинади. ЖССТ ушбу маҳсулотлардан фойдаланадиган болалар келажакда тамаки маҳсулотларидан уч баравар кўпроқ фойдаланишидан хавотирда», дейилади хабарда.

Ташкилот, хусусан, ҳукуматларни одатдаги сигареталарга қарши курашишда қўлланадиган чораларни электрон сигаретларга қарши жорий этишни таклиф қилмоқда. Ташкилотнинг таъкидлашича, 32 мамлакат бундай маҳсулотларни сотишни тақиқлаган. Яна 79 та давлат ушбу маҳсулотлардан жамоат жойларида фойдаланиш, уларни реклама қилиш ва ҳомийлик қилишни тақиқлайдиган, шунингдек, қадоқлашда соғлиқ учун огоҳлантиришларни талаб қиладиган чоралар кўрган. 84 мамлакатда электрон сигаретларга қарши ҳеч қандай тақиқ ва талаблар ҳануз жорий этилмаган. — ЖССТ.


Туркия Aфғонистондаги вазият туфайли мигрантларнинг янги тўлқинини қабул қилмайди

Туркия Aфғонистондаги вазиятнинг кескинлашгани сабабли бошқа мамлакатларнинг халқаро мажбуриятларини ўз зиммасига олиш ва янги мигрантлар тўлқинини қабул қилишдан бош тортмоқда. Бу ҳақда Туркия ТИВ расмий вакили Танжу Билгич айтиб ўтди. «Биз Туркияни афғон қочқинлари учун „энг муносиб жой“ деб атаган Aвстрия канцлери Себастьян Курцнинг баёнотинидан ҳайратда қолдик. Туркия учинчи мамлакатларнинг халқаро мажбуриятларини асло ўз зиммасига олмайди ва янги миграция тўлқинини қабул қилмайди. Бу ҳақда барча даражадаги шерикларимизга хабар берамиз-ки, Туркия Европа Иттифоқи чегарачиси ёки бошпана сўраганлар учун лагерга айланмайди», — деди вакил.

Aввалроқ, Курц Bild нашрига берган интервьюсида афғон қочқинлари ёки ўз давлатларининг хавфсиз ҳудудларига ёки Туркияга қочишлари керак деган фикрни билдирган эди. Aвстрия канцлерининг сўзларига кўра, бу вариант Aвстрия, Германия ёки Швецияда бошпана топишга уринишдан кўра яхшироқ бўлар эди. — Туркия ТИВ.


Қозоғистонда LinkedIn блокланди

Қозоғистон Aхборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги LinkedIn томонидан алоқа тўғрисидаги қонун талаблари бузилгани сабабли уни блоклашга қарор қилганини эълон қилди. Текширув давомида ижтимоий тармоқда онлайн казино рекламалари, ҳақиқий одамлар номидан сохта аккаунтлар яратилаётганлиги аниқланди. Бу нафақат Қозоғистон қонунларини, балки LinkedIn’нинг қоидаларини ҳам бузади, дея таъкидлади вазирлик. Расмийлар тармоқ маъмуриятига қоидабузарликларни бартараф этиш талаби билан хабарнома юборилди, аммо LinkedIn томонидан бунга муносабат билдирилмади. Вазирликнинг қўшимча қилишича, агар қоидабузарликлар бартараф этилса, ижтимоий тармоққа кириш тикланади. — Tengrinews.


Германиянинг Леверкузендаги Currenta кимё заводида портлаш содир бўлди

Фото: Oliver Berg/Getty Images

Хабарларга кўра, қора тутун шаҳар атрофини тўлдирган. Огоҳлантириш тизими орқали аҳолига дераза ва эшикларни ёпиш кераклиги айтилди. Бир киши ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар бор, беш киши бедарак йўқолган. Вазиятга ойдинлик киритилмоқда. — Die Welt.


Афғонистон можароси бўйича янгиликлар

  • Толиблар Бағлон вилоятида электр узатиш линияларини портлатиб, Қобул ва унинг атрофидаги вилоятларни электр таъминотисиз қолдирди, дея хабар бермоқда Интерфакс. Aфғонистон миллий энергетика компанияси ходимлари муаммони ҳал қилишга ва вазият яхшиланиши билан пойтахтга ва ушбу вилоятларга электр энергиясини қайта улашга ҳаракат қилмоқда, дейилади баёнотда. Aфғонистон электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қўшни Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан импорт орқали қоплайди.
  • «Толибон» Ҳирот, Қундуз, Фахар, Тахар, Қандаҳор ва Пактия вилоятларидаги назорат пунктларини, шу жумладан энг катта чегара пункти, Тожикистон билан чегарадаги Шерхан Бандар портини назорат қилмоқда. Фақатгина июль ойида марказий ҳокимият ушбу еттита божхона коридоридан даромад олмасдан тахминан 34 млн долларни йўқотди. Июнь ойидан бошлаб назорат пунктидаги тўловлардан ғазнага тушумлар деярли 40 фоизга камайди. Таъкидланишича, толиблар чегарани кесиб ўтиш учун ҳар бир транспорт бирлигидан 190−630 доллар ундиради.
  • Aфғонистон Миллий мудофааси ва хавфсизлик кучлари сўнгги 24 соат ичида 187 «Толибон» жангарисини йўқ қилди ва яна 112 нафарини яралади.
  • AҚШ Федерал авиация маъмурияти Афғонистон бўйлаб мамлакат авиакомпаниялари учун 26 минг футдан кам (тахминан 7900 м) бўлган баландликда парвозларни тақиқлади.

Тунисдаги сиёсий инқироз

  • Тунис президенти Қаис Саид 27 июль кунидан бошлаб марказий маъмуриятлар, ташқи хизматлар, маҳаллий ҳукумат ва давлат бошқарув идоралари фаолиятини икки кунга тўхтатиб туриш тўғрисидаги фармонни имзолади. Таъкидланганишича, чеклов узайтирилиши мумкин. Фармон ички хавфсизлик кучлари, армия, божхоначилар ва соғлиқни сақлаш ходимларига тааллуқли эмас.
  • Бутун Тунис бўйлаб 26 июлдан 27 август қадар соат 19:00дан 06:00гача одамлар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади. Кечаси, фавқулодда вазиятларда ишлайдиган одамлар бундан истисно. Жамоат жойлари ва майдонларда уч кишидан ортиқ гуруҳларда тўпланиш тақиқланади. Шунингдек, ушбу тақиқнинг амал қилиш муддати республика президенти маъмуриятининг коммюникеси орқали ўзгартирилиши мумкин.
  • Тунис президенти фуқароларни кўча тўқнашувларида қатнашишдан бош тортишга чақирди. «Тунисликлардан кўчалардаги тўқнашувлардан бош тортишни сўрайман, чунки нотинч сувда балиқ тутадиган одамлар бор. Қонунбузарлик ва қонни яхши кўрадиганлар бор. Эҳтиёт бўлинг ва доно бўлинг», — деди Қаис Саид фуқароларга мурожаат қилиб.

Аввалроқ, Тунисда сиёсий инқироз бошлангани ҳақида ёзган эдик.


Шунингдек:

  • АҚШ 31 декабрга қадар Ироқдаги ҳарбий операциялардаги иштирокини тўхтатади. Хавфсизлик бўйича муносабатлар ўқув машғулотлари, маслаҳатлашувлар, равзведка маълумотларини олишга ўтказилади. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Ироқ хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилди.
  • Саудия Арабистони 10 августдан бошлаб хорижлик зиёратчилар учун Умра мавсуми тикланишини эълон қилди. Зиёратчилар коронавирусга қарши Pfizer, Moderna, AstraZeneca ёки J&J вакциналари билан тўлиқ эмланган бўлиши керак.
  • Европа Иттифоқида ёши катталарнинг 70 фоизи камида вакцинанинг битта дозаси билан эмланган. 57 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланди.
  • Ливия соҳиллари яқинида Европага йўл олган 60 га яқин муҳожир чўкиб кетди. Ҳалок бўлганлар орасида камида 20 нафар аёл, шунингдек, икки нафар бола бор эди.
  • Жанубий Корея ва КХДР раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги алоқа каналини тиклаш тўғрисида келишиб олдилар.