«Газета.uz» 2021 йил 1 августдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этди. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Хориждан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади

«Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра, 2021 йил 1 августдан:

  • божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилади;
  • тадбиркорга четдан хомашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилади;
  • маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади;
  • олиб кириш контрактини олиб чиқиш контракти билан, шунингдек, сотиб олиш контрактини сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда мониторинг қилиш тартиби жорий қилинади.

2. Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади

«Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига кўра, 2021 йил 1 августдан аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади.

Баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди. Спорт синовлари 15 турдаги машқлардан иборат бўлади. Иштирокчиларга 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади. Спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони таъсис этилади.

Шунингдек, улар ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб 1 йил мобайнида қуйидаги имтиёзлардан фойдаланади:

  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;
  • махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) «Темурбеклар мактаби»га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга киради;
  • бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;
  • махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш ҳуқуқи берилади (такси, шу жумладан йўналишли такси мустасно);
  • фарзандлари яшаётган жойдаги мактаб, боғча, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;
  • барча давлат органлари ва ташкилотларининг ходимларига иш жойи ҳисобидан дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилади;
  • республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (ОТМ спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.

3. Ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинди

«Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармонига кўра, 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:

  • ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
  • туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
  • суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
  • жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
  • хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Фармон билан прокуратура органлари ишчи органлигида Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.

Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.

Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.


4. Айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ерни олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш тақиқланди

2021 йил 1 августдан:

  • ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
  • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;
  • ижарага олинган ер участкасида қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
  • давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
  • барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
  • кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

5. Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча ҳужжатларни ЯИДХП орқали ҳам тақдим этиш мумкин бўлади

2021 йил 1 августдан қуйидаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади:

  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.

6. Давлат ташкилотларида аутсорсинг шартлари асосида автотранспортлар хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади

«Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра, 2021 йил 1 августдан:

  • хизмат автотранспорт воситалари республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига бириктирилади;
  • республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.

Шунингдек, республика давлат бошқаруви органларида аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспортлар хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 августдан янги типдаги давлат рақами белгилари билан қайта рўйхатдан ўтказилмаган тегишли хизмат автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


7. Айрим фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари ЯИДХП орқали кўрсатилади

2021 йил 1 августдан ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар қуйидагилар ҳисобланади:

  • ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар, ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшгача бўлган шахслар ҳамда 18 ёшдан катта болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;
  • давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахслар;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар;
  • ёшидан қатъи назар иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари.

Уларга давлат хизматлари ДХМ ёки ЯИДХП орқали Пенсия жамғармаси томонидан кўрсатилади ва нафақа пули нафақа етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан тўланади. Мурожаат қилувчи ДХМга ўзи (яқин қариндошлари, ишончли вакили, васий ёки ҳомий) келиши ёки электрон тарзда ЯИДХПда рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.

Давлат хизматини кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


8. НТТнинг бинони ижарага олиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

«Нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида ёшлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўгрисида"ги президент қарорига кўра, 2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январга қадар нодавлат таълим ташкилотлари томонидан таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Ушбу тартиб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган ва таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотларга татбиқ қилинмайди.


9. Давлат харидлари соҳасида ўтказиладиган тендер натижалари очиқ эълон қилинади

«Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига кўра, 1 августдан шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлаш) натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилади.


10. Туризм соҳасида айрим лицензия талаблари жорий этилади

«Ўзбекистон республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра, чиқиш туризми йўналиши бўйича туроператор ва турагент фаолиятини амалга ошириш учун қуйидаги лицензия талаблари жорий этилади:

  • Туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;
  • 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш;
  • Барча давлат божлари, йиғимлар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимда тўлаш имконияти тақдим этилади.

11. Ҳомиладорларнинг комплекс кузатуви бўйича ягона маълумотлар базаси яратилади

«Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига кўра, ҳомиладор аёлларни комплекс кузатиш бўйича ягона тизим жорий этилиб, унда қуйидагилар назарда тутилади:

  • ҳомиладор аёлнинг комплекс кузатуви ягона маълумотлар базасини яратиш;
  • перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар томонидан ягона маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш, шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг тиббий картасини юритиш;
  • шаклланган маълумотларга асосан ҳомиладор аёлларга зарур маслаҳатларни бериш.

Шунингдек, 2020 йил 1 августдан:

  • Буюртмачи хизматлар Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган малака тоифаси асосида техник назорат соҳасидаги масъул мутахассисларга улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги тариф коэффициентларига:
  1. биринчи тоифа учун — 0,2 миқдорда;
  2. иккинчи тоифа учун — 0,5 миқдорда;
  3. учинчи тоифа учун — 0,7 миқдорда;
  4. олий тоифа учун — 1,0 миқдорда коэффициент қўшилади.
  • Тўй ва маросимларни 50 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ташкил этишга рухсат берилди.
  • Йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилади.
  • «Ал-Азҳар» университетига келаси йилда қабул қилиш бўйича Ўзбекистон фуқароларининг мурожаатлари йил давомида — 2021 йил 1 августдан 2022 йил йил 30 июнга қадар Маслаҳат кенгаши томонидан қабул қилиниши бошланади.
  • 2021 йил 20 августдан таълим сифати паст мактабларда таълим сифатини ошириш ва ижобий тажрибани кенг тарқатиш мақсадида педагог-ўқитувчиларни муддатли шартнома асосида бошқа туман ва вилоятларга меҳнат фаолиятини олиб бориш учун юборилади.