Бугун Ўзбекистонда кам булутли ва иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +41…+44 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +45…+46 даражани ташкил этади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

27 июлдан бошлаб республиканинг шимолий ҳудудларига ғарбий Қозоғистон орқали Волга бўйи ҳудудидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келади, жануби-шарқий ҳудудларда нисбатан иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва +37…+40 даража, баъзи жойларда жанубда +42 даража, шимолда +34−37 даража атрофида бўлади.

Кейинги кунларда салқин ҳаво массаси республиканинг барча ҳудудига тарқалади. Ҳафта давомида ҳарорат аста-секин пасаяди ва жума кунига келиб +33…+35 даражани ташкил этади ва меъёрий қийматларга яқинлашади, баъзи ҳудудларда эса июль ойи охири учун бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан +2…+3 даража паст бўлади.

26 ва 27 июль кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, айрим ҳудудларда чангли бўрон билан 25−30 м/с гача кучайиши мумкин.