Аввалроқ, Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилингани ҳақида ёзган эдик.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 ноябрдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизматларини кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади. Тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно.

Қолаверса, 1 ноябрдан Давлат хизматлари марказлари, «Лицензия» ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари белгиланган муддатидан 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга 1 иш кунида қайтарилади. Бунда ариза берувчига тегишли давлат хизмати бепул кўрсатилади.

Шунингдек, 1 декабрдан хориж мамлакатларида доимий истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имконияти яратилади. Улар давлат божи ва бошқа тўловларни чет эл валютасида халқаро тўлов тизимлари орқали тўлайди.

Бундан ташқари, 2022 йил бошидан аҳоли ва тадбиркорлардан 15 турдаги ҳужжат ва маълумотларни сўраш тартиби бекор қилинади. Яна айрим давлат хизматларини (8 та) кўрсатишда ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдорлари камайтирилади.