Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрига элтувчи А-373 трассасида ялпи ҳашар ўтказилаётгани айтилган хабар ва фотолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси изоҳ берди.

Қайд этилишича, вилоят Бандлик бош бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида"ги низом ижроси юзасидан вақтинчалик ташкил этилган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида ишлаган фуқароларга тегишли тартибда ойлик иш ҳақлари тўлаб берилади.

Фото: Telegram / «Олтин воҳа»

Бошқарманинг таъкидлашича, тасвирлардаги фуқароларнинг аксарияти ободонлаштириш ходимлари бўлиб, улар меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда, иш кунида ўз вазифаларини бажармоқда.

Қайд этилишича, иш ҳажми катталиги боис ҳашар йўли орқали вилоят Бандлик бош бошқармаси томонидан жамоат ишчилари ҳам вақтинчалик ишга ихтиёрий жалб қилинган. Уларнинг ҳам иш ҳақлари белгиланган тартибда тўлаб берилиши айтилмоқда.

Telegram`даги «Олтин воҳа» каналининг ёзишича, айни пайтда бош вазир Олмалиқ шаҳрида бўлиб турибди. У 27 июль куни ОКМК тасарруфида очиладиган янги ишлаб чиқариш объектини кўздан кечирмоқда. Қўшимча қилинишича, объект очилишига давлат раҳбарининг ташриф буюриши кутилмоқда.

Аввалроқ, Эрон ҳудудларидан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига 24−26 июль кунлари Ўзбекистонда ҳавода иссиқ кўтарилиши кутилаётгани, ушбу кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан +4…+6 даража юқори бўлиши ҳақида хабар берилган эди.