Август ойидан Ўзбекистонда хитой-ўзбек вакцинаси ишлаб чиқарилади

Ўзбекистонда август ойидан бошлаб коронавирусга қарши хитой-ўзбек вакцинаси ишлаб чиқариш бўйича меморандум имзоланишига келишилди. Биринчи босқичда ойига 10 млн доза вакцина ишлаб чиқариш ва кейинчалик бу кўрсаткични йилига 200 млн дозагача олиб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Электрон онлайн-аукционларнинг ягона тартиби жорий этилади

Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш ва шаффофлигини ошириш бўйича президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади. Ҳужжат билан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинмоқда. Шунингдек, аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан август бошида учрашади

Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви август ойининг бошида ўтказилиши кутилаётгани маълум қилинди. Бундан ташқари, давлат раҳбарининг ҳафталик иш режаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Бекободда 25 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бераётган шахслар аниқланди

Бекобод шаҳрида яшовчи ака-укалар ўз хонадонларида вояга етмаган болаларга ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётганликлари аниқланди. Улар болалардан 800 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача ойлик тўлов олиб келган. Ушбу шахсларга нисбатан БҲМнинг 7−8 баравари миқдорида жарима ҳамда улардан бирига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Афғонистон билан чегарада палаткалар шаҳарчаси қурилмаяпти — ДХХ Чегара қўшинлари

ДХХ Чегара қўшинлари «Газета.uz» сўровига берган жавобида Афғонистон билан чегара ҳудудда қочоқлар учун палаткалар шаҳарчаси қурилаётгани ҳақидаги хабарни рад этди. Шунингдек, Чегара қўшинлари афғон ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар кўнгиллилари июнь ойида Ўзбекистон чегарасини қай тарзда кесиб ўтишганини ҳам маълум қилишди.

Давлат хизматини кўрсатиш муддати кечикса — тўловнинг 50 фоизи қайтарилади

1 ноябрдан Давлат хизматлари марказлари, «Лицензия» ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари белгиланган муддатидан 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, хизмат учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи 1 иш кунида қайтарилади.

Карантин бошидан бери 1 млндан ортиқ ниқоб тақмаслик ҳолатлари аниқланган

Карантин тадбирлари бошлангандан бери Ўзбекистон бўйлаб 1 млн 184 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланган. Улардан 1 млндан ортиғида жарима белгиланган. Тиббий ниқоб тақмаганлик бўйича 1,1 млнтадан ортиқ қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилган.

«Ўзкомназорат» Wechat`нинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклади

Шахсий маълумотлар бўйича қонунчиликни бузган TikTok, Twitter, Skype ва «ВКонтакте» интернет платформалари қаторига Хитойнинг WeChat ижтимоий тармоғи ҳам қўшилди. Ўзбекистонда ушбу ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланган.

ЕХҲТнинг махсус миссияси президент сайловига тайёргарлик жараёнини ижобий баҳолаган — МСК

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик жараёни бўйича «жуда ижобий» хулоса берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, миссия ўтган сайловлар бўйича ЕХҲТнинг тавсияларини сайлов амалиётига жорий этилишини ҳам ижобий баҳолаган.

Ўзбекистонда букмекерлик ва тотализатор фаолияти ҳали ҳам қонуний эмаслиги маълум қилинди

Президент фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини лицензия билан амалга оширишга рухсат берилган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълум қилишича, бугунга қадар мамлакат ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун ҳеч кимга лицензия берилмаган. Агентлик ушбу фаолиятлар ҳали ҳам қонуний эмаслигини эслатди.

1 январдан ID-карта ва хорижга чиқиш паспорти ДХМ орқали ҳам берилади

Президент фармони билан 1 январдан фуқароларга ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш ДХМ орқали ҳам амалга оширилади, қолаверса, паспорт учун тўлов нархи БҲМнинг 1,2 бараваридан 1 бараваригача арзонлаштирилади. Бундан ташқари, босқичма-босқич 87 турдаги янги давлат хизматлари жорий этилади, 59 та хизматнинг кўрсатиш муддати эса қисқартирилади.

Токио-2020. Ўзбекистонлик Муаттар Набиевa Олимпиада рекордини ўрнатди

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Муаттар Набиева даст кўтариш машқида 98 кг натижа билан Олимпиада рекордини ўрнатди.

Россияда маошини ололмаётган ўзбекистонлик мигрантлар бўйича қўшимча маълумот берилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда ваъда қилинган маошини ололмаётган мигрантлар мурожаати юзасидан ўрганиш ўтказди. Натижада, фуқароларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича келишув далолатномаси расмийлаштирилди. Шунингдек, видеомурожаатда айтилган бир кунлик маош, аслида, бир соатлик экани маълум бўлди.

Тошкент вилоятидан ўтувчи йўл четида ишлаётган фуқаролар ободонлаштириш ходимлари ва жамоат ишчилари эканлиги айтилди

Ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳрига элтувчи йўл трассасида ялпи ҳашар ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармасининг маълум қилишича, тасвирлардаги фуқароларнинг аксарияти ободонлаштириш ходимлари ҳамда жамоат ишчилари ҳисобланади. Уларнинг иш ҳақлари белгиланган тартибда тўлаб берилиши айтилмоқда.

Молия вазири фуқароларни «Ташаббусли бюджет»дан фаол фойдаланишга чақирди

«Ташаббусли бюджет» бўлимини ўз ичига олган «Очиқ бюджет» портали ишга туширилганидан буён фуқаролар 8000 дан зиёд мурожаат йўллади, уларни ҳал қилишга қарийб 160 млрд сўм ажратилди, дея маълум қилди молия вазири Тимур Ишметов. У ўзбекистонликларни мазкур платформадан фаолроқ фойдаланишга чақирди.

Республика олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзаков вафот этди

Республика олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Умурзаков 69 ёшида вафот этди.

Токио-2020: Ўзбекистон мусобақанинг учинчи кунини медалсиз, бироқ Олимпия рекорди билан якунлади

Токиодаги Олимпиаданинг учинчи кунида Муаттар Набиеванинг оғир атлетикадан ўрнатган рекорди, таэквондочи Никита Рафалович ва қиличбоз Зайнаб Дайибекованинг чиқишлари Ўзбекистон термаси учун асосий ҳодисалардан бўлди. Медаллар учун курашни яна боксчилар давом эттиради.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Theranos: ёлғонлар эвазига қурилган 9 млрд долларлик стартап тарихи

Theranos биотехнологик стартапи асосчиси Элизабет Холмс 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида оммага арзон, қулай ва юқори сифатли қон таҳлилларини олиш технологиясини тақдим этишни ваъда қилиб келган. Лекин унинг ёлғонлари ва фирибгарлик схемалари фош этилгач, компания қулашни бошлайди. «Газета.uz» ўз вақтида 9 млрд долларга баҳоланган компания тарихи ва Элизабет Холмснинг кирдикорлари қандай фош этилганлиги ҳақидаги мақолани тақдим этади.