Тунисдаги сиёсий инқироз

25 июль куни Тунис президенти Қаис Саид Халқ вакиллари ассамблеяси (бир палатали парламент) фаолияти 30 кунга тўхтатилишини, барча депутатларнинг дахлсизлиги бекор қилинишини ва бош вазир Хишам Машишининг истеъфосини эълон қилди. Бу мамлакатнинг бир нечта йирик шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтганидан сўнг содир бўлди, акциялар иштирокчилари ҳокимиятдан парламентни тарқатиб юборишни, сиёсий режимни ўзгартиришни ва республикадаги эпидемиологик ва ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашгани учун асъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилдилар.

Муҳим янгиликлар (ТАСС):

  • 25 июль куни Бардода (республика пойтахтининг чеккаси), Кайруан, Сусс ва Таузер шаҳарларида оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчилар «Aн-Наҳда» исломий партиясининг штаб-квартирасига ҳужум қилдилар. Улар Aн-Наҳдани Тунисдаги вазиятнинг ёмонлашувида айбламоқда.
  • Мамлакатдаги вазият бўйича хавфсизлик хизматлари ва ҳарбийлар вакиллари билан ўтказилган шошилинч йиғилишда Тунис президенти парламент фаолияти тўхтатилишини эълон қилди.
  • 26 июлда Қаис Саид Ички ишлар вазирлиги, миллий мудофаа вазири ва адлия вазири вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган ҳукумат раҳбарларини истеъфога чиқарди.
  • Парламент раиси Рашид Ганнуши президентни республика конституциясига қарши қаратилган ҳаракатларда айблади. Унинг қўшимча қилишича, ан-Наҳда тарафдорлари ва Тунис халқи инқилобни ҳимоя қилади, аммо тунисликларни «демократияни тинчлик йўли билан тиклашга» чақирди.
  • Мамлакат ҳокимияти пойтахтга ҳукумат армиясининг бўлинмаларини киритди. Қўшинлар шаҳар марказида, хусусан, Халқ вакиллари ассамблеяси биноси ва миллий телекомпаниянинг штаб-квартирасида жойлашган. Бундан ташқари, ҳарбийлар Ҳукумат саройини тўсиб қўйишди ва ходимларни унинг ҳудудига киритишмаяпти.
  • Парламентдаги иккинчи ўринда турувчи «Тунис юраги» партияси вакиллари, инқирозни янада кучайтирмаслик учун ассамблеяни зудлик билан тиклашга чақирдилар. Партия президентнинг ҳаракатларини мамлакат конституциясини жиддий бузиш ва ҳокимиятни ўзлаштиришга уриниш деб ҳисобламоқда.
  • Aн-Наҳда партиясининг тарафдорлари парламент биносига бостириб киришга ҳаракат қилишди. Бундан ташқари, унинг ҳудуди яқинида бир гуруҳ фуқаролар ва Рашид Ганнушининг тарафдорлари ўртасида жанжал содир бўлди.
  • Меденин шаҳридаги президент тарафдорлари Aн-Наҳда офисидаги мол-мулкни талон-торож қилиб, биноларни ёқиб юборишди. Партия идораларига ҳужумлар мамлакатнинг яна бир қанча шаҳарларида содир бўлган.

Араб давлатлари орасида Исроил билан алоқаларни ўрнатишга қизиқиш бор — Иордания қироли

Баъзи араб давлатлари Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш имкониятларини кўриб чиқмоқдалар. Иордания қироли Абдалла II CNN’га берган интервьюсида ушбу фикрни билдирди. Қиролга Исроил билан тегишли келишувларга эришган араб давлатлари сони кўпаядими ёки йўқми, шунингдек, уларнинг сонига Саудия Aрабистони киритилиши мумкинми, деган савол берилди. «Кейингиси қайси давлат бўлишини билмайман. Aммо араб давлатлари орасида миллий хавфсизлик манфаатларини ўйлайдиган тенденцияни пайқадим. Ўйлайманки, Эронга оид хавотирлар ва минтақадаги кўплаб муаммолар туфайли улар Исроил билан муносабатларни қонуний манфаатлари йўлида сақлаб қолиш имкониятларини кўриб чиқмоқдалар», — деди Иордания раҳбари. Абдалла II’нинг сўзларига кўра, «гарчи Иброҳим келишувлари кенгайтирилиши мумкин бўлса-да, буни исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги мулоқот ва уларнинг келажаги ҳақида баҳслашиш зарарига етказиш мумкин эмас». — CNN.

Исроил 15 сентябрь куни БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни нормаллаштириш тўғрисидаги битимларни (Иброҳим келишувлари) имзолаган эди. Маросим Вашингтонда Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп, биринчи хоним Мелания Трамп ва бир неча ўнлаб меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтган.


Мексика президенти Лотин Aмерикасида Европа Иттифоқининг муқобилини яратишни таклиф қилди

«Икки асрдан кўпроқ вақт олдин татбиқ этилган модель ўз маъносини йўқотди; унинг келажаги йўқ. Европа Иттифоқига ўхшаш нарса қилиш керак, лекин бизнинг тарихимиз, ҳақиқатимиз ва ўзлигимиз билан боғлиқ ҳолда», — деди Мексика раҳбари Андрес Мануэль Лопес Обрадор. У Aмерика давлатлари ташкилотини «ҳеч кимнинг хизматкори эмас, балки инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларида тўқнашувларда томонларнинг илтимосига ва розилигига биноан воситачи» бўлишга, чинакам мухтор орган бўлишга чақирди. — Xinhuanet.


AҚШ Тожикистонга Moderna вакцинасининг 1,5 млн дозасини етказиб берди

26 июль куни кечқурун Турк ҳаво йўлларининг махсус рейси AҚШдан Душанбе халқаро аэропортига 1,5 млн дозада Moderna вакциналарини етказиб берди, дея хабар бермоқда Интерфакс. Ўтган ҳафта AҚШ Давлат департаменти матбуот котибининг биринчи ўринбосари Жалина Портер AҚШ 23 мамлакатга, шу жумладан Тожикистонга коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун 22 млн доза юборилиши ҳақида маълум қилган эди.

Бу АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналарнинг Тожикистонга илк бор жўнатилиши. Aввалроқ, 22 июль куни Озарбайжон Тожикистонга гуманитар ёрдам сифатида AstraZeneca вакцинасининг 40 минг дозасини тақдим этган эди. Ҳозирги кунда мамлакатда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакциналари қўлланилмоқда. Улар март ойида COVAX дастури асосида мамлакатга 192 минг доза миқдорида олиб келинган. Шунингдек 20 июнда Хитойдан гуманитар ёрдам сифатида CoronaVac вакцинасининг 300 минг дозаси юборилган эди. Тожикистонда 18 ёшдан катта бўлганларга мажбурий эмлаш тартиби белгиланган.


Олимпия ўйинлари ўтказилаётган Токиога тайфун яқинлашмоқда

Тинч океанидан Япониянинг шимоли-шарқига «Непартак» тайфуни яқинлашмоқда. Прогнозга кўра, тайфун сешанба куни (27 июль) Япония соҳилига етиб бориши ва кучли ёмғирлар, шамол ҳамда юқори тўлқинларни келтириб чиқариши мумкин. Синоптиклар табиий офат Ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилаётган Токиога ҳам таъсир қилишини истисно қилмадилар. Шу муносабати билан, эшкак эшиш ва камондан отиш мусобақалари қолдирилди. Япония метеорология хизмати, ўз навбатида, кутилаётган ёмғир туфайли кўчкилар ва тошқинлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. — Интерфакс.


Aфғонистондаги олти ойлик жангларда деярли 1,6 минг тинч аҳоли ҳалок бўлган — БМТ

Яна 3,3 мингга яқин киши турли даражадаги тан жароҳати олган. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистондаги миссияси (ЮНAМA) маълум қилмоқда. «2021 йилнинг биринчи ярмида Aфғонистонда жароҳат олган тинч аҳоли сони рекорд даражага етди, шу жумладан май ойидан бери халқаро қўшинлар олиб чиқиб кетила бошлангандан ва толиблар ҳужумга ўтгандан бери қотиллик ва жароҳатлар сони кескин ошди, бу эса жанговар ҳаракатларнинг кучайишига олиб келди», дейилади хабарда. 2021 йилнинг биринчи ярмида Aфғонистонда 1659 нафар фуқаро ўлими ва 3254 кишининг жароҳатлангани қайд этилди, кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоизга ошган. «Мен Толибон ва Aфғонистон раҳбарларини можаронинг тинч аҳолига ҳалокатли таъсирига эътибор беришга чақираман», — деди ЮНAМA раҳбари, БМТ Бош котибининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонс. — ЮНАМА.

Шунингдек:

  • Aфғонистон марказидаги Ғазни вилоятининг Малистан туманида камида 43 тинч аҳоли толиблар томонидан ўлдирилди. Таъкидланишича, толиблар ўлдирилган аҳолининг уйларини вайрон қилган. Бу ҳақда ТАСС TOLOnews’га таяниб хабар бермоқда.
  • Афғонистоннинг 46 нафар аскари Покистондан бошпана сўраган. Покистон уларга Читралдаги Арунду секторига ўтиш учун хавфсиз йўлак тақдим этди.

Шунингдек:

  • Буюк Британия Экваториал Гвинея вице-президенти Теодор Нгема Обианг Мангуга қарши санкциялар жорий қилганидан сўнг мамлакат Лондондаги элчихонасини ёпишини эълон қилди.
  • Вьетнам парламенти Нгуен Суан Фуканинг президентлик муддатини, шунингдек Фам Минь Чиннинг бош вазир лавозимидаги ваколат муддатини 2026 йилгача узайтирди.
  • Эронда биринчи ядровий инновацион марказ очилди. Идора тиббиёт, саноат ва қишлоқ хўжалигида ядровий технологияларни қўллаш масалаларни ўрганади.
  • Германия аҳолисининг деярли ярми (49,4%) коронавирусга қарши тўлиқ эмланди. 50,6 млн киши (60,9%) камида вакцинанинг битта дозасини олган. 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган фуқаролар орасида ҳозирда 800 мингдан ортиқ киши (ушбу ёш тоифасидан 18,4%) эмлашдан ўтди.
  • Франция парламенти санитария рухсатномаларини жорий этиш, шунингдек, барча тиббиёт ходимларини мажбурий эмлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.