COVID-19га қарши хитой-ўзбек вакцинаси Ўзбекистонда август ойидан ишлаб чиқарилади, дея хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Вакциналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан музокара ўтказиш мақсадида 24 июль куни учрашув ташкил этилди. Мазкур тадбирда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев ва «Jurabek Laboratories» компанияси вакиллари иштирок этди. Хитой томонидан «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси бош муҳандиси Ван Чжи Сзюн, хорижий мамлакатларга экспорт қилиш бўлими директори Чен Фан У ҳамда бошқа вакиллар қатнашди.

«Хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистоннинг фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқариш салоҳияти билан дастлабки танишувлари натижасида коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришнинг инфратузилмавий имкониятларига юқори баҳо бердилар. Компаниянинг бош муҳандиси Ван Чжи Сзюн Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш қувватлари мазкур вакцинани ишлаб чиқариш талабларига тўлиқ мувофиқ эканлигини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Хитой компанияси билан вакциналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланди.

«Бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда COVID-19 вирусининг бугунги кунда тарқалиш суръатларини инобатга олиб, мамлакатда вакцина ишлаб чиқариш учун Хитой томонидан хом ашё етказиб бериш муддатлари ва ҳажми борасида дастлабки келишувларга эришилди. „Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical“ компанияси билан Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ва минтақадаги ўрнини инобатга олган ҳолда қисқа муддатларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланишига келишилди. Томонлар Ўзбекистонда биринчи босқичда ойига 10 млн доза вакцина ишлаб чиқариш ва кейинчалик бу кўрсаткични йилига 200 млн дозага қадар олиб чиқиш мумкинлиги бўйича фикр алмашдилар», — дея қайд этди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Хитой томони билан яқин келажакда вакцина ишлаб чиқариш технологиясини трансфер қилинишига келишилди. Шунингдек, Ўзбекистон олим ва мутахассисларининг мазкур соҳадаги малакаларини ошириш мақсадида Хитой ва Ўзбекистонда бир вақтда ўқитиш ишлари бошланади, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш масалалари муҳокама қилинган эди.