Республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи ака-укалар ўз хонадонларида жами 25 нафар вояга етмаган болага ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётганликлари аниқланди.

ЎзА`нинг ёзишича, Бекобод туманидаги масжидлардан бирининг имом-хатиби ўз уйида ҳар куни 5 нафар болани ўқитиб, улардан ойлик тўлов сифатида 800 минг сўмдан олиб келган.

Унинг акасининг хонадонида эса 20 нафар бола ҳам яшаб, ҳам диний сабоқ олган. Бу манзилдаги болалар учун ойлик тўлов 1,5 млн сўмни ташкил этган.

Шунингдек, мазкур шахс сабоқ бериш жараёнларига 21 ёшли ўғлини ҳам жалб қилган.

Ушбу болалар 2005−2015 йиллар оралиғида туғилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги бошланғич синф ўқувчилари ҳисобланади. Улар орасида нафақат бекободлик, балки, қўшни Бўка тумани, Тошкент шаҳрининг Сергели тумани, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан келганлар ҳам бор. Болалардан бири Бўка туманидаги умумий ўрта-таълим мактаби директорининг ўғли бўлиб, у 2020−2021 ўқув йилида мактабдаги дарсларга умуман қатнамаган.

Қўшимча қилинишича, имом-хатибнинг акаси сабоқ бериш жараёнида вазифаларни ўзлаштирмаган болаларни калтаклаб, уларни оч қолдириш билан жазолаган.

Психолог томонидан болалар билан ўтказилган суҳбатда, уларнинг кўпчилиги ота-оналарининг хоҳиш-истаклари билан ўқишга келганликларини маълум қилишган.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди томонидан уч нафар шахснинг ноқонуний ҳаракатлари кўриб чиқилиб, уларга Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра, БҲМнинг 7−8 баравари (1 млн 715 минг сўм — 1 млн 960 минг сўм) миқдорида жарима солинди. Шунингдек, имом-хатибнинг акасига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳам тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонунда диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган.