Токиода бўлиб ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларининг иккинчи кунида Ўзбекистондан 11 нафар спортчи иштирок этди. Шу куни жамоага биринчи медални таэквондочи Улуғбек Рашитов олиб берди, у олтин медални қўлга киритди.

Таэквондо. 19 ёшли Улуғбек Рашитовнинг ғалабаси, шубҳасиз, куннинг асосий ҳодисаси бўлди. У финалгача бўлган йўлда малилик Сейду Фофан, жанубий кореялик уч карра жаҳон чемпиони Ли Даэ Хун, эронлик Мирхашем Хусайни ва Босния ва Гертсеговинадан Недзад Хусични мағлубиятга учратди.

Улуғбек Рашитов.

Мураккаб кечган финал учрашувида ўзбек спортчиси британиялик Брэди Синденни 34:29 ҳисобида мағлубиятга учратди. Унинг мазкур ғалабаси терма жамоа ҳисобига илк медални олиб келди. Бундан ташқари, Улуғбек Рашитов ёзги Олимпиадада чемпион бўлган илк ўзбекистонлик таэквондочи ҳам бўлди.

Бокс. Эркаклар баҳсида Элнур Абдураимов (-63 кг) биринчи бўлиб баҳсга киришди. 1/16 финал ўйинида унга мўғулистонлик Чинзориг Баатарсух рақиблик қилди. Биринчи раундда ютқазган Элнур қолган иккитасида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди — 4:1. Кейинги жангни ўзбекистонлик боксчи тожикистонлик спортчи Баҳодур Усмоновга қарши ўтказади.

Элнур Абдураимов.

Дилшод Рўзметов (-81 кг) ҳам ғалаба қозонди. У ирландиялик Эммет Бреннанга қарши рингга чиқиб, якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби асли кубалик бўлган Озарбайжон вакили Алфонс Домингес бўлади.

Ўзбекистон таркибидаги аёллар ўртасида Турсуной Раҳимова (-51 кг) иштирок этиб, польшалик спортчи Сандра Драбикка устидан 4:1 ҳисобида иродали ғалабани қўлга киритди. Кейинги турда Раҳимовага Туркия вакили Буса Чакироглу рақиблик қилади.

Турсуной Раҳимова.

Спорт гимнастикаси. Олимпиаданинг иккинчи куни Оксана Чусовитинанинг катта спортдан кетиши билан ҳам эсда қолди. Таяниб сакрашнинг саралаш босқичида гимнастикачи 14,166 балл тўплаб, 16 иштирокчи орасида 11-ўринни эгаллади ва бу унга кейинги босқичга чиқишга имкон бермади.

Оксана Чусовитина. Фото: FIG.

Академик эшкак эшиш. Кечаги натижаларга кўра Собир Сафаролиев ва Шахбоз Холмирзаев медаллар учун курашни давом эттириш учун кичик имкониятга эга бўлишган эди, аммо 25 июль куни 2000 метр масофада эшкак эшувчилар тўртинчи ўринни эгаллаб, мусобақадаги иштирокларини якунладилар.

Велоспорт. 137 километрлик шосседа гуруҳ мусобақасида Ольга Забелинская 67 иштирокчи орасида 9-ўринни эгаллаб, Олимпиадани тарк этди. Спортчи ушбу масофани 3 соат 54 дақиқа 31 сонияда босиб ўтди. Олтин медаль австриялик Анна Кизенхоферга насиб этди.

Оғир атлетика. Аҳмаджон Эргашев (-67 кг) Ўзбекистон миллий терма жамоасида ушбу спорт тури бўйича биринчи бўлиб баҳсга киришди. Жаҳон чемпиони икки курашда жами 312 кг кўтариб, мусобақани олтинчи ўринда якунлади.

Аҳмаджон Эргашев.

Дзюдо. Ўзбекистон дзюдочилари Токио ўйинларидаги муваффақиятсиз чиқишларини давом эттирмоқдалар. Мусобақанинг иккинчи кунида молдовалик Денис Виеру қарши чиққан Сардор Нуриллаев (-66 кг) жароҳати туфайли жангни давом эттира олмади. Аёллар ўртасидаги баҳсда Диёра Келдиёрова (-52 кг) мўғулистонлик спортчи Сосорбарам Лхагвасурэнга ютқазди.