Президентнинг 24 июлда қабул қилинган фармони билан чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқароларига электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 октябрга қадар:

  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ҳамда «ТМЭК» ахборот тизимлари ЯИДХП билан интеграция қилинишини таъминланади;
  • давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали давлат хизматлари кўрсатилишида тўловлар бўйича имтиёзга эга бўлган шахсларни реал вақт режимида аниқлаш ва тўлов миқдорини автоматик тарзда белгилаш тизими жорий этилади.

Чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан электрон рақамли имзо калити сертификатларини бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади.

Хориждан туриб электрон давлат хизматларидан фойдаланганда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларни чет эл валютасида халқаро тўлов тизимлари ва бошқа воситалар орқали амалга ошириш механизми йўлга қўйилади.