24 июль куни Афғонистон ҳукумати «Толибон» фаолиятини тўхтатиш мақсадида мамлакатдаги 31 та вилоятда комендантлик соати эълон қилди, деб хабар бермоқда Ariana News.

Афғонистон ИИВ матбуот котиби ўринбосари Аҳмад Зиё Зиёнинг сўзларига кўра, комендантлик соати дарҳол кучга кирган ва соат 22:00 дан тонги 4:00 гача давом этади.

«Хавфсизлик [вазияти]дан келиб чиқиб, расмийлар 31 та вилоятда комендантлик соатини эълон қилишди. Қарор „Толибон“ аскарлари ҳаракатланишини чеклаш мақсадида қабул қилинган», — деди Зиё.

Ушбу чекловлар Қобул, Нангархар ва Панжшер вилоятларига тааллуқли эмас.

Қолаверса, фуқаролик жамияти вакили Шамила Машаль Нижраб, Алахсай, Тагоб туманларида афғон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида бир қанча оилалар кўчирилганини хабар қилган.У шунингдек, маҳаллий аҳоли ушбу вазиятда ҳукумат қандай чора кўрмоқчи эканлигини билишни хоҳлаётганини айтган.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, сўнгги бир неча кун ичида Лагман, Нангархар, Нуристон, Кунар, Ғазни, Ҳирот, Балх, Жаузжон, Ғилмон, Қандаҳор, Пактия, Қундуз ва Каписа вилоятларида жангари ҳаракатлар олиб борилган.

Мазкур ҳудудларга қўшимча равишда Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида Ғазни, Вардак, Тахар, Қундуз, Кунар, Лагман, Ҳирот, Ғилмон ва Нуристон туманларида ҳам тўқнашувлар давом этмоқда.