Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори билан пойтахтнинг Тошкентнинг Сергели, Бектемир ва Мирзо Улуғбек туманлари ҳудуди Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Ўртачирчиқ туманлари ҳисобига 7,8 минг гектардан кўпроққа кенгайтирилди. Бу ҳақдаги қарор 23 июль куни қабул қилинди (ҳужжат нусхаси «Газета.uz»да мавжуд).

Кенгаш қарорида қайд этилишича, Тошкентда сўнгги йилларда йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилиб, янги аҳоли яшаш массивлари, парклар, аллеялар барпо этилмоқда, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилмоқда, йўл-транспорт инфратузилмалари объектлари қурилмоқда.

«Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида бўш ер майдонларининг камлиги натижасида янги қурилиш ва инфратузилма объектларини барпо этиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда қатор қийинчиликлар кузатилмоқда. Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини мавжуд якка тартибдаги уйлар жойлашган ер участкаларини давлат ва жамият эхтиёжлари учун олиниши аҳоли ўртасида ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда», — дейилади ҳужжатда.

Шу боис «Тошкент шаҳрининг кейинги ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Ўртачирчиқ туманларидан ўтадиган жами 7853,3 гектар ерларни Тошкент шаҳрига қўшиб олиниши ҳисобига Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган».

Ҳужжатга кўра:

  • Сергели тумани таркибига Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1827,1 гектар (шундан, 424,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари);
  • Бектемир тумани таркибига Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490 гектар (шундан, 154,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ва Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1134,2 гектар;
  • Мирзо Улуғбек тумани таркибига Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2294,6 гектар (шундан, 1090,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари);
  • Яшнобод тумани таркибига Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2107,4 гектар (шундан, 1002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони, жами 7853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳри таркибига қўшилди.

Бундан ташқари, Сергели ва Бектемир туманларидан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилоятига ўтказилди:

  • Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига;
  • Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилди.

Кенгаш қарорида Тошкент шаҳри ва вилояти туманларининг янги чегаралари таснифлаб чиқилган.

Эндиликда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига илтимоснома киритиши кутилмоқда.