24 июль, шанба куни эрталаб Қирғизистон билан чегара ҳудудидаги Тожикистоннинг Сўғд вилояти Исфара шаҳри ҳудудида отишма содир бўлди, дея хабар бермоқда РИА Новости шаҳар маъмурияти матбуот хизматига таяниб. Исфара маъмуриятининг таъкидлашича, отишма аввал қирғиз чегерачилари томонидан қайд этилган.

Аввалроқ Қирғизистон чегара хизмати Тожикистон билан чегара ҳудудида чегарачиларга қарши отишма содир бўлганлигини эълон қилган эди. Маълумотга кўра, 24 июль куни Боткен вилояти Боткен тумани Қум-Мозор ҳудудида Тожикистоннинг чегараолди вилоятлари аҳолиси «қирғиз томонининг розилигисиз ҳудудни қумлардан тозалашни бошлашган» ва «аҳолининг оғзаки тўқнашуви жанжалга ва тош отишга айланган». Уларнинг айтишича, тожик чегарачилари Қирғизистон томон ўқ узишган, «бунга жавобан қирғиз чегарачилари Тожикистонга қарши ўқ отишган».

Қуролли можаро Чоркух жамоатининг аҳолиси Қум-Мозор ҳудудида кўнгилли тозалаш ишларини ўтказмоқчи бўлганларидан кейин содир бўлгани айтилмоқда.

«Ҳудуд аҳолиси шанбаликка бормоқчи бўлганида, қирғиз чегарачилари бунга йўл қўймаган. Улар ўз фуқароларини қўзғатиб, бизнинг фуқароларга тош отишни бошлашган ва уларнинг чегарачилари бизнинг фуқароларимизга ўқ узган», — деди агентлик суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, тожик чегарачилари ўқ отишга мажбур бўлишган, ҳар икки томондан отишма 10 дақиқа давом этган. Таъкидлашича, «Қум-Мозор» ҳар йили ҳашар ўтказиладиган қадимий даволаш маскани ҳисобланади.

«Бу тарихий жой, бу бизнинг ҳудудимиз ва тожик халқи бу ерда юз йиллар давомида даволаниб келган», — деди у.

24.kg маълумотларига кўра, воқеа жойига Қирғизистон чегарачилари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва аҳоли етиб келишган. Тожикистон томони Қирғизистон томонининг «ишни тўхтатиш ҳақидаги талабларига бўйсунмаган». Бундан ташқари, хабарда айтилишича, тожикистонликлар Қирғизистон фуқаросини калтакламоқчи бўлишган.

Ҳозирда Қум-Мозор ҳудудида томонларнинг чегара вакиллари даражасида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтмоқда. Вазият барқарор деб тавсифланди, дейилади хабарда.

Жароҳатланганлар ва жабрланланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни тожик-қирғиз чегарасидаги Боткен вилояти, Кўк-Тош қишлоғидаги «Головной» сув тақсимлаш пункти ҳудудида низоли вазият юзага келган эди.Томонлар бир-бирига тош отишни бошлашган, сўнг отишма бошланган. Қирғизистонда 134 жабрланувчи тиббий ёрдамга мурожаат қилган, 13 киши вафот этган, улар орасида бола ҳам бўлган. Тожикистонда 90 киши жабр кўрган, 10 нафар фуқаро вафот этган.

29 апрель оқшомида Қирғизистон ва Тожикистон ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги жойлаштирилган жойларига олиб чиқиш тўғрисида келишиб олдилар.

30 апрель куни эса Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги отишма бутунлай тўхтатилган.