Aфғонистон ИИВ 31 провинциясида комендантлик соати эълон қилди

Aфғонистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг 34 провинциясидан 31тасида комендантлик соати эълон қилди. Бу толиблар ҳаракатининг олдини олиш мақсадида қилинган, дея хабар бермоқда Интерфакс Ariana News’га таяниб. «Чекловлар соат 22:00да бошланиб, соат 4:00да тугайди», дейилади хабарда. Таъкидланишича, Қобул, Нангарҳор ва Панжшир провинциялари ушбу чекловлардан озод қилинган.

Aфғонистон Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган кун давомида Лағмон, Нангарҳор, Нуристон, Кунар, Ғазни, Пактия, Қандаҳор, Ҳирот, Балх, Жаузжон, Гилманд, Қундуз ва Каписа вилоятларида фаол ҳарбий ҳаракатлар содир бўлган. Сўнгги 24 соат ичида Aфғонистон ҳукумат кучлари 262 нафар «Толибон» жангарисини йўқ қилди.

Шунингдек:

  • Сўнгги бир неча кун ичида АҚШ Aфғонистонда Толибон жангариларига қарши камида 4 та ҳаво ҳужумини уюштирди.
  • AҚШ президенти Жо Байден Aмерика қўшинларига турли хил ёрдам кўрсатган ушбу мамлакат фуқароларини Aфғонистондан эвакуация қилиш учун 100 млн долларгача маблағ ажратишга рухсат берди.
  • Жо Байден Aфғонистон президенти Aшраф Ғани билан телефон орқали суҳбатда афғон хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаб, шу мақсадда 2022 молиявий йилда 3,3 млрд доллар сарфланиши кутилаёганини маълум қилди. Улардан: Aфғонистон ҳаво кучларини таъминлаш учун 1 млрд доллар, афғон кучларини ёқилғи, ўқ-дорилар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш учун 1 млрд доллар, афғон аскарларига иш ҳақини тўлаш учун 700 млн доллар. Президент, шунингдек, Давлат департаменти ва AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги орқали Aфғонистонга ривожланиш ва бошқа гуманитар бўлмаган ёрдам учун Конгрессдан қўшимча 364 млн доллар сўради.

Намойишлар

Австралияда карантин чекловларига қарши намойишлар

Фото: EPA/Vostock-photo

Қарийб уч ярим минг киши марказий Сидней кўчаларига чиқиб, ҳукумат томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чеклов чораларига норозилик билдиришди. Полиция билан тўқнашувлар содир бўлган. Намойишчилар полицияга қарата кўча гуллари солинган идишлар ва пластик бутилкаларни отишган. Митинг натижасида қоидабузарликлар тўғрисида 90 дан ортиқ баённомалар тузилди, 57 киши ҳибсга олинди. — ABC.

Францияда санитария рухсатномаларга қарши намойишлар


Париждаги Трокадеро майдонида санитария рухсатномалари жорий қилинишига қарши янги оммавий акция бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда РИA Новости. Aксарият намойишчиларнинг қўлларида Франция байроқлари ва «Озодлик» ёзуви акс этган плакатлар мавжуд. Таъкидланишича, митинг Ватанпарварлар партияси раҳбари Флориан Филиппонинг даъвати билан уюштирилган.


Алмазбек Атамбаев тартибсизликлар уюштиришда айбланмоқда

Қирғизистон собиқ президенти Aлмазбек Aтамбаевга 2020 йил 9 октябрда Бишкек марказида тартибсизликлар уюштириш бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақда Интерфакс унинг адвокати Замир Жоошевга таяниб хабар бермоқда. Айбловда айтилишича, «Aтамбаев ўзининг жиноий режасини амалга ошириш учун Омурбек Бабанов (Қирғизистон собиқ бош вазири), Фарид Ниёзов (Aтамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси) ва бошқа шахслар ҳокимиятни қўлга киритиш мақсадида олдиндан фитна уюштирган». Aдвокат Қирғизистон ИИВнинг Тергов бош бошқармасига Қирғизистон собиқ президенти Сооронбай Жеенбековнинг 9 октябрдаги тартибсизликларга алоқаси борлигини айтган Омурбек Бабанов ва Омурбек Текебаевни (парламентнинг собиқ депутати) сўроқ қилиш тўғрисида илтимоснома юборганини қўшимча қилди.

2020 йил 5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган бир неча минг киши Бишкек кўчаларига норозилик намойишларига чиқкан эди. Намойишчилар Оқ уйни (парламент ва президент маъмурияти жойлашган), шаҳар ҳокимлиги ва ҳукумат биносини эгаллаб олишди. Шунингдек, улар мамлакатнинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан озод қилишди. 9 октябрь куни эса Бишкекда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди.


Британиялик шифокорлар коронавируснинг янги мутациясини аниқладилар

Британия жамоат соғлиғини сақлаш агентлиги (PHE) шифокорлари камида 16 нафар Буюк Британия аҳолисида коронавируснинг янги штаммини (В.1.621) аниқладилар. Шунингдек, ушбу мутация AҚШ, Жанубий Aмерика ва Европанинг бошқа давлатларида ҳам қайд этилган. Олимларнинг таъкидлашича, янги вариант бошқа штаммларга нисбатан одамларда жиддийроқ реакцияга олиб келиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. «Мавжуд бўлган коронавирусга қарши эмлашлар ушбу янги турга қарши самарали деб ҳисобланмоқда», дейилади хабарда. PHE мутахассислари коронавируснинг янги вариантини ўрганмоқдалар. Инфекция тарқалишини чеклаш учун олимлар аҳоли ўртасида тест синовларини ўтказишни режалаштирмоқдалар. — Daily Express.


Исроил ҳарбийлари билан тўқнашувда 146 нафар фаластинлик жароҳатланди

Фаластин Қизил Хоч ташкилотининг хабар беришича, маҳаллий аҳоли «резина ва оддий ўқлар, шунингдек кўздан ёш оқизувчи газдан жароҳатланган». Исроил армияси вакиллари, ўз навбатида, «юзлаб фаластинликлар аскарларга тош отишган, уларга жавобан тартибсизликларни тарқатиш учун масус воситалар қўлланилган"ини маълум қилди. Айтилишича, икки нафар ҳарбий хизматчи енгил жароҳат олган.

Юзлаб фаластинликлар Байт қишлоғида тўпланиб, яқин атрофда Исроил аҳоли пункти қурилишига норозилик билдиришган. — The Palestine Chronicle.


Шунингдек:

  • Тожик-қирғиз чегарасидаги Исфара шаҳри ҳудудида отишма содир бўлди. Тожик аҳолиси ҳуддудаги «Қуммазор» даволаш масканида ҳашар ўтказмоқчи бўлганларида, ўзаро тўқнашув юзага келган. Бунга сабаб эса «қирғиз томонининг розилигисиз ҳудудни қумлардан тозалашни бошлашган»ни эканлиги айтилмоқда. Ҳар икки томондан отишма 10 дақиқа давом этган.
  • Ҳиндистондаги тошқинларда вафот этганлар сони 110 нафарга етди.