Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида қишлоқ аёлларини ҳақоратлаган эркакнинг уйи олдида фуқаролар тўплангани тасвирланган видеолар тарқалди.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 21 июль куни Ургут тумани «Дўстлик» маҳалласида яшовчи 1989 й.т. фуқаро Ш. Ш. Telegram интернет тармоғидаги гуруҳда, гуруҳ аъзоларини ҳақоратлаган видео мурожаатини жойлаштириб, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан тахқирлаган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 140-моддаси 2-қисми (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ш. Ш.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ш. Ш. нинг яшаш манзилига келиб, жанжал кўтарган барча фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган. Жамоат тартибини бузган ҳар бир фуқаронинг ҳаракатларига қонуний тартибда баҳо берилади», — дейилади хабарда.

Кейинроқ фуқароларни ҳақоратлаган шахс ижтимоий тармоқлар орқали узр сўради. Унинг таъкидлашича, видео мурожаат йўллаган вақтда маст бўлганида маст ҳолда бўлган.