Пойтахт ҳокимлиги аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни сўради.

Қайд этилишича, «Ўзгидромет» маркази маълумотига кўра, июль ойининг 24−26 кунларида юртимизга иссиқ ва қуруқ ҳаво оқимининг кириб келиши оқибатида об-ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши кутилмоқда.

«Кескин иссиқ ҳавода барча инсонлар, айниқса, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар ўзларини ҳимоялашлари ниҳоятда муҳим», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Ҳокимлик бундай шароитда аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни, кўпроқ суюқлик истеъмол қилишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳудудларидан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига 24−26 июль кунлари Ўзбекистонда ҳавода иссиқ кўтарилиши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрлардан +4…+6 даража юқори бўлади.

Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +41…+44 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда +45…+46 даражагача исийди.