Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов 19 июль куни имзолаган «Шошилинч» грифи остидаги телефонограмма тарқалди. Унда жорий йилнинг 22 июль (президент фармони билан расман дам олиш куни деб эълон қилинган) куни соат 12:00да Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг катта мажлислар залида президент Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқидан келиб чиқиб, Касаба уюшмалари федерацияси олдида турган вазифалар тўғрисида видеоселектор ўтказилиши айтилган.

Фото: Tenrakminds / Telegram.

Телефонограммада Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари раисларига, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Федерация аппарати бўлимлари мудирлари ва масъул ходимлари иштироки таъминланиши талаб қилинган.

Бундан ташқари, йиғилишни федерациянинг ҳудудлардаги бошқармаларидан соҳадаги бошқа раҳбар ва ходимлар ҳам кузатишди.

Йиғилишда қатнашганлардан бири фақат асосий залнинг ўзида (ҳудудий бошқармаларни ҳисобга олмаганда) 100 га яқин киши, шу жумладан уларнинг аксари коронавирусдан хавф ости гуруҳига киритилган аҳоли тоифаси — 65 ёшдан ошганлар бўлганлигини тасдиқлади.

Федерация матбуот котиби Муҳаббат Ўрмонбекованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, тадбир 1 соат атрофида давом этган. Унинг сўзларига кўра, ходимлар «ишга эмас, балки «давра суҳбати»га ўхшаш мулоқотга чақирилган». Матбуот хизмати раҳбари ушбу кун иш куни сифатида белгиланмаганини айтди.


Kun.uz нашри 22 июль 17:45 да бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилиши акс этган яна бир ҳужжатни эълон қилди. Йиғилишга президент маслаҳатчиси, бош вазир ўринбосари, Марказий банк раиси ва унинг ўринбосарлари, молия вазири ва бошқалар чақирилган. Шунингдек, уларнинг орасида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ҳам қайд этилган.

Меҳнат кодексининг 132-моддасига кўра, байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлаш ман этилади. Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида шу кунлари ишлашга йўл қўйилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, йиғилиш ўтказилиши факти Давлат меҳнат инспекциясига ўрганишга юборилган. Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Меҳнат кодексининг 9-моддасига биноанБандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни касаба уюшмалари ҳам амалга оширади.

2019 йилнинг декабрида президент давлат орган ва ташкилотларида йиғилишларни қисқартиришни назарда тутувчи ҳужжатни имзолаган эди.

Шавкат Мирзиёев шу йилнинг январь ойи якунидаги видеоселекторда «рухсатсиз мажлис ўтказган» амалдорлар ишдан бўшатилишини таъкидлаган эди.

«Кўп амалдорлар мажлисбозликка касал бўлган. Буни даволаймиз. Бугундан бошлаб мажлис қилмоқчи бўлган ҳокимлар администрациядан рухсат олиб, узоғи 40 дақиқалик мажлис ўтказиши мумкин. Рухсатсиз мажлис ўтказган амалдорлар ишдан кетади», — деган эди давлат раҳбари.

Республика махсус комиссиясининг апрелдаги йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов ҳам узоқ давом этадиган йиғилишларни танқид қилган эди.

Апрель ойида якшанба куни бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раислигида ҳокимиятлар, вазирлик ва ташкилотлар ходимлари чақирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Меҳнат вазирлиги ўшанда дам олиш куни ишга чиққан ходимларга компенсация тўлаб бериш ҳақидаги огоҳлантириш хати юборилганини маълум қилган эди.