Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилди

Президент фармони билан тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ўрганувчи Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилди. Ҳужжатга асосан, давлат органлари ва ташкилотлари Агентликнинг сўровига кўра бирламчи статистик маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этади ва маълумотлар базаларидан фойдаланишга рухсат беради.

Токио-2020. Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари ўзгарди

Ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқулова Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлишади. Аввалроқ, мамлакат байроқдорлари сифатида гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо-Усмон Батуров эълон қилинган эди.

Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига старт берилди

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайлови кунини 24 октябрга белгилади. Сайлов кампаниясига 23 июлда старт берилди.

Тошкентда электрон реклама экрани ёниб кетди

Жума куни эрталаб Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Учқаҳрамон айланма йўлида жойлашган электрон реклама экрани ёниб кетди. Ёнғин натижасида жабрланганлар йўқ.

«Ўзбекистонда электр энергияси таъминотида фавқулодда ҳолатларни инобатга олмаса, тақчиллик кузатилмайди» — «Ҳудудий электр тармоқлари»

«Ҳудудий электр тармоқлари» иқтисодчи Отабек Бакировнинг Ўзбекистон электр энергияси таъминотини Грузиядаги тизим билан таққослаб билдирган фикрларига муносабат билдирди. Компаниянинг таъкидлашича, Ўзбекистон электр энергияси таъминотида «фавқулодда ҳолатларни инобатга олмаса, тақчиллик кузатилмайди». Шунингдек, баёнотда иккала мамлакатдаги энергия ишлаб чиқариш манбалари ва истеъмолчилар сони орасидаги тафовутларга эътибор қаратилган.

Ўзбекистон бўйлаб эмлаш пунктлари манзиллари (рўйхат)

Бутун Ўзбекистон бўйлаб оилавий ва марказий поликлиникаларда, шунингдек ихтисослашган тиббиёт марказларида очилган эмлаш пунктлари рўйхати эълон қилинди.

Пойтахт ҳокимлиги аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни сўради

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 24−26 июль кунлари об-ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабаб аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни, кўпроқ суюқлик истеъмол қилишни сўради. Аввалроқ, Ўзгидромет дам олиш кунлари ва ҳафта бошида ҳаво жуда иссиқ бўлишини эълон қилган эди.

Содиқ Сафоевга Дипломатия университети ректори вазифаси юклатилди

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори вазифасини бажариш юклатилди.

Ургутда фуқароларни ҳақоратлаган шахсга жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди

Ургут туманида фуқаро Telegram`даги гуруҳда, гуруҳ аъзоларини ҳақоратлаган видео мурожаатини жойлаштириб, бошқа фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан тахқирлаган. Ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Коронавирусга чалинган ва карантиндаги шахслар сайловда қандай овоз беради?

Коронавирусдан даволанаётган ва карантинга олинган шахслар Ўзбекистон президенти сайловида қатнашишларини таъминлаш учун махсус йўриқнома ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаевнинг сўзларига кўра, беморларнинг уйларига кўчма қутилар билан ташриф буюриш режалаштирилган. Бунда муддатидан аввал овоз бериш давридаги эпидемиологик вазият инобатга олинади.

Коронавирусга қарши эмланиши режалаштирилган 21 млн аҳолидан қарийб 5 фоизи тўлиқ эмланди — Нурмат Отабеков

Республика махсус комиссиясининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 21 млн аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар улардан 1 млн 34 минг нафари, яъни 4,9 фоизи тўлиқ эмланган.

Раҳбар ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади

Президент қарори билан, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади. Шунингдек, вазирликлар ва идоралар раҳбарияти фаолияти кўрсаткичларини баҳолашда инсон омилини камайтириш мақсадида асосий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш орқали мавжуд ҳолатни аниқлаш имконини берувчи махсус электрон платформа ишга туширилади.

Андижонлик фуқаро гўштини истеъмол қилиш учун итларни ўлдириб келгани аниқланди

Андижонлик фуқаро ярим йил давомида гўштини истеъмол қилиш учун ўз уйида итларни ўлдириб келгани аниқланди. Унга нисбатан ит ва мушукларни сақлаш қоидаларини бузиш ҳамда жониворлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш тўғрисидаги моддалар асосида маъмурий баённома тузилди.

4 август куни Америкадан яна 3 млн доза вакцина олиб келинади — президент

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни эҳтиёт бўлиб, коронавирусга қарши фаол эмланишга чақирди. Давлат раҳбари 4 август куни Америкадан яна 3 млн доза вакцина олиб келинаётганини маълум қилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Коронавирусда антитаначаларга тест топшириш керакми ёки йўқми?

Коронавирусга қарши вакциналар қандай ишлайди? Антитаначалар ва улар бўйича тестлар қандай бўлади? Нега ушбу таҳлилларни топширишнинг фойдаси йўқ? «Газета.uz»нинг шу ва бошқа саволларига вирусолог ва Facebook`даги «Врачи Ташкента» гуруҳи асосчиси, PhD Дилдора Секлер жавоб берди.

Олимпиада чўққисини забт этган Ўзбекистон спортчилари

Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон номидан қатнашган спортчилар ҳозиргача жами 32 медалларни қўлга киритган. «Газета.uz» Токиода старт берилган Ёзги Олимпиада ўйинлари арафасида бугунга қадар Ўзбекистонга ғолиблик шарафини олиб келган барча Олимпиада чемпионларини эслайди.