Токиодаги Олимпия ўйинлари очилиш маросимда Ўзбекистон байроғини боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқулов кўтарди. Байроқдорларнинг ўзгаргани маросимдан бир неча соат муқаддам маълум бўлди. 17 июль куни Миллий олимпия қўмитаси боксчи Бобоусмон Батуров ва гимнастикачи Оксана Чусовитина бўлишини маълум қилган эди.

«Менга нега ўзгариш бўлганини изоҳлашмади, шунчаки мен бормаслигимни айтишди холос. Иштиёқимни сўндиришди. Бундай қилиш нотўғри. Шунчаки тушунтириш мумкин-ку, ҳаммамиз инсонмиз-ку, тушунамиз», — деди спортчи.

Ҳодиса ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Оксана Чусовитина мухлисларига қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдирди, бироқ: «Кунни зимистонга айлантирманг. Бугун очилиш. Биз бу кунни узоқ кутдик. Келинг хурсанд бўламиз, куламиз, барча учун мухлислик қиламиз. Тез орада мусобақалар бошланади ва муносиб чиқиш қилиш учун бизга хотиржамлик керак», — деди.

Миллий олимпия қўмитаси байроқдорлар спортчиларни ортиқча толиқтирмаслик учун алмаштирилганини маълум қилди. Чунки Бокс ва гимнастика бўйича мусобақалар 24 ва 25 июлдан бошланади. МОҚ маълумотларига кўра, якуний қарор 21 июль куни қабул қилинган.

«Очилиш маросимида иштирок этиш катта вақт олади. Унда узоқ муддат тик оёқда туриш ва шаҳарчага кеч қайтилишини инобатга олиш зарур. Маълумот учун, Нигора Турсунқулова 26-июл куни баҳсларга киришса, Баҳодир Жалолов 29-июлдан ўз иштирокини бошлайди. Шу боис уларнинг тикланиб олиши учун вақт нисбатан кўпроқ», — дейилади қўмита баёнотида.

Боксчи Бобоусмон Батуров 27 июль куни 69 кг вазнда доминиканлик спортчи Роган Поланко билан 1/8 финалида жанг қилади, Нигора Турсунқулова эса 26 июль куни мусобақага киришади. Спорт гимнастикаси бўйича қуръа ташлаш маросими 30 июнда бўлиб ўтган, биринчи байроқдорлар танлови ҳақидаги қарор ҳақида эса 17 июлда эълон қилинган эди.