23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида коронавирусга чалиниб, шифохоналарда даволанаётган ва карантинга олинган фуқаролар Ўзбекистон президенти сайловида қай тартибда овоз бериши маълум қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

МСК раиси Зайниддин Низамходжаевнинг сўзларига кўра, пандемия шароитида овоз беришни ташкиллаштириш бўйича махсус йўриқнома ишлаб чиқилган ва у комиссиянинг келгуси мажлисларида қабул қилинади.

«Пандемия ёки касалланиш туфайли шифохоналарда ётган беморларимиз ва карантинда сақланиб турган ёки махсус саралаш марказларида ётган беморларнинг Конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мана шу йўриқномада изоҳини топган», — деди у.

У сўзида давом этар экан, сайлов участкаси аъзоларидан иборат гуруҳлар кўчма қутилар билан карантиндаги фуқароларнинг овозини тўплашини қайд этди.

«Олдинга ўтиб айтадиган бўлсам, сайлов участкаси комиссиясининг 2 нафар аъзоси тиббиёт ходимлари иштирокида махсус ҳимоя кийимлари билан коронавирус ёки бошқа касалланиш туфайли касалхоналарда ётган беморларнинг ёнига бориб, карантин қоидалари, йўриқномада белгиланган қадам-бақадам амалга ошириладиган ишлар асосида уларнинг сайлов ҳуқуқлари таъминланади. Оғир аҳволда бўлмаган, аммо коронавирус инфекцияси билан касалланган фуқароларнинг ҳам уйларига кўчма қутилар билан ташриф буюрилади», — деди Зайниддин Низамходжаев.

МСК раисининг таъкидлашича, барчаси муддатидан аввал овоз бериш вақтидаги эпидемиологик вазиятга боғлиқ. «Айнан ўша кунлардаги эпидемиологик вазиятга қараб, йўриқнома асосида овоз беришни ташкил қилиш режалаштирилган», — деди у.

Аввалроқ, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайлови кунини 24 октябрга белгилагани ва сайлов кампаниясига 23 июлдан старт берилгани ҳақида ёзган эдик.