Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда андижонлик фуқаро ўз уйида итларни сўйиб, уларнинг гўштини маҳаллий ошхоналарга сотиб келгани айтилган видеоёзув бўйича изоҳ берди.

3 июль куни Андижон шаҳри бўйича бошқармага Андижон шаҳар Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хати ва тўпланган ҳужжатлари келиб тушган. Унга кўра, СЭО ва ЖСХ ходимлари томонидан Андижон шаҳар Ўзгариш МФЙда яшовчи фуқаролар томонидан келиб тушган мурожаатга асосан, Т.Келдиев кўчаси 75 уйда яшовчи фуқаро О.Ғ.нинг яшаш хонадони бориб ўрганилган.

Натижада ушбу фуқаро хонадонида жами 12 та ит ва кучуклар уларни боқиш қоидаларини бузган ҳолда сақлаб келинаётгани, шунингдек, ушбу хонада ит териси ва суяклари аниқланган. Шу сабабли О.Ғ. томонидан сўйилган ит гўштлари гўшт маҳсулоти сифатида кимга ва қаерга берилганлиги ҳолатига аниқлик киритишда амалий ёрдам бериш сўралган.

Шунга асосан олиб борилган текширув жараёнида фуқаро О.Ғ. охирги олти ойдан буён ўзининг истеъмоли учун итларни сўйиб, гўштини истеъмол қилиб келгани, аммо ит гўштини гўшт маҳсулоти сифатида бирон бир шахсга сотмагани ва топширмагани аниқланган.

Мазкур эркакка нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 110-моддаси 1-қисмида ҳамда ҳайвон, жумладан, итларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш оқибатида улар ўлишига сабабчи бўлгани учун 111-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Қонунда ва унинг санкциясида ҳуқуқбузарни белгиланган жаримадан озод қилиш асослари назарда тутилмаганлиги сабабли ҳозирда фуқаро О.Ғ.дан ҳуқуқбузарлиги юзасидан белгиланган жаримани ундириш чоралари кўрилмоқда, дейилади вилоят ИИБ хабарида.