Фарғона вилоятида тўрт киши, жумладан уч нафар вояга етмаган бола такси ҳайдовчисини ўлдирганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳабар қилди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 20 июль куни соат 02:50 ларда фуқаро Т.К. (2003 й.т.) вояга етмаган танишлари Д.А. (2004 й.т., мактаб ўқувчиси), Н.А. (2004 й.т.) ва М.Т. (2005 й.т., мактаб ўқувчиси) билан аҳолига пулли транспорт хизмати кўрсатувчи бирон-бир ҳайдовчини хилват жойга олиб бориб, ўзини ўлдириб, автомашинаси ва мол-мулкларига эгалик қилишга ўзаро келишишган. Улар телефон орқали Фарғона шаҳрида жойлашган Eva Taxi МЧЖнинг хизмат кўрсатувчи операторига қўнғироқ қилишиб, Қува туманига боришлари ҳақида буюртма беришган.

Ушбу буюртма асосида соат 02:58 ларда ушбу жамиятга аъзо бўлган ҳайдовчи А.А. (1975 й.т.) Nexia-3 автомашинасида етиб келган ва улар А.А. билан 150 минг сўм эвазига Фарғона шаҳридан Қува туманида жойлашган «Каркидон» сув омборига бориб-келишга ўзаро келишиб, Қува тумани, Толмазор маҳалласида жойлашган «Мухаммадсаид Озодбек» фермер хўжалиги дала майдонига етиб келишган вақтида, А.А.га ҳужум қилишиб, автомашинани тўхтатишиб, уни қасддан ўлдиришган.

Сўнгра, автомашина ва мархумнинг ёнида бўлган 50 минг сўм пул ҳамда 1 дона Xiaomi Mi Note Pro телефонини босқинчилик йўли билан қўлга киритишган.

20 июль куни вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «и, п» бандлари (тамагирлик ниятида, бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси 3-қисми «г» банди (Босқинчилик: баданга оғир шикаст етказган ҳолда) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар гумондор сифатида ушланган.