Шуҳрат Холдорович Отабоев Халқ банки бошқарув кенгаши раиси этиб тайинланди, дея хабар қилди «Газета.uz»нинг банк соҳасидаги ахборот манбаси.

Тайинловга қадар февраль бошидан буён у Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шуҳрат Отабоев (1978 йилда туғилган) Тошкент молия институти (2000), Япония сиёсий фанлар миллий институти (2005), президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини (2010) тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Навоий вилоятидаги 14-ўрта мактабда инглиз тили ўқитувчиси сифатида бошлаган. Тошкент техника университети «Камолот» маркази бош бухгалтери (1998−2000) бўлиб ишлаган.

Марказий банк тизимида (2001−2018) турли мансабларда, жумладан, Монетар сиёсат департаменти директор ўринбосари (2006−2009), Валюта айирбошлаш махсус бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Ички валюта бозоридаги операциялар департаменти директори (2009−2014), Молия иқтисод департаменти бошлиғи (2014−2015), МБ раиси ўринбосари (2017−2018) лавозимларида фаолият кўрсатди. Халқ банки бошқарув кенгаши раиси ўринбосари (2015−2017) ва «Ипотека банк) бошқаруви раиси (2018−2021) лавозимларида ҳам ишлаган.

Бунга қадар 2019 йил октябрдан Халқ банкини Фарҳод Саломов бошқариб келаётган эди.