AnotherDay Telegram канали муаллифи Жаҳонгир Азимов АҚШдаги Эмори Университетида фан доктори унвонини олган Донохон Абдуғафурова билан унинг академик соҳадаги йўли, тадқиқотлари ҳамда афсонавий ёзувчи, Анбар Отин ҳақида суҳбатлашди. «Газета.uz» ушбу интервьюнинг ўзбек тилига таржимасини тақдим этади.

Наманган вилоятининг Ёрқўрғон қишлоғида катта бўлган Донохон Абдуғафурова ёшлигидан — далада ишлаб юрган вақтларидан — университетда ўқишни орзу қиларди. У ўз мақсадига эришди. Аввал Наманган давлат университетида бакалавр даражасини олди, 2001−2002 ўқув йилида гуманитар фанлар соҳасида президент стипендияси соҳибаси бўлди, кейин Ваёминг университетида (АҚШ) магистратурада ўқиди, энди эса Эмори Университетида Ислом цивилизациялари (гендер, дин ва тарих бўйича) йўналишида фан доктори унвонини олди.

Донохон ортга назар ташлаб, болалигини эслайди. «Мен ўзбек адабиётини доим яхши кўрардим», — дейди у. Унинг таълим олишида катта роль ўйнаган акаси уйга газета олиб келар ва уни катта сарлавҳалар орқали ўқишга ўргатар эди. (Кейинчалик, у қариндоши Фароғат билан бадий асарларни муҳокама қилар эди). Адабиётнинг катта ихлосманди бўлган акаси ўз ёзган шеърларини Донохонга ўқиб берар эди. «Лекин мен шеър ёза олардим деёлмайман», — аниқлаштиради у. Ўша вақтлардаёқ Донохон ўзини тадқиқотчи сифатида синаб кўрар ва акасининг шеърларини таҳлил қилар эди. Йиллар ўтиб, бу қизиқишлар уни АҚШнинг Жоржия штатидаги Эмори Университетининг докторантурасига етаклаб келди.

Донохон — тадқиқотчи, олима ва фан доктори. Унинг кенг қамровли қизиқишлари ўзбек адабиёти, ўзбек шеърияти, ўзбек жамиятида одобнинг (маданиятлилик) роли ҳамда Ўзбекистон тарихида аёл ёзувчилар ва шоираларни ўз ичига олади. «Менинг қизиқишларим узоқ вақт давомида шаклланган, — дейди Донохон. — Бунда муҳим ролни Наманган давлат университетидаги таълим ўйнаган». Буни у докторантурага суҳбатдан ўтаётганида тушунган.

Баъзан сен тўғри йўлда эканлигингни тушуниш учун жуда кўп вақт талаб этилади. Ўшанда Донохондан «Нега айнан сиз ушбу дастурга моссиз?» деб сўрашганида, у Ўзбекистонда олган таълими орқали Марказий Осиё тарихи, адабиёти ва маданияти бўйича кучли номзод эканлиги ва қолаверса мутахассисликка мўлжалланган Ўзбекистон таълим тизими Америка олий таълим тизимидан фарқ қилишини айтади.

Ўзбекистон таълим тизими билан солиштирганда, Америкадаги бакалавр талабалари ўқишга киришда маълум мутахассисликни танлашни талаб қилмайди. Талабалар ўқиш жараёнида умумий билимларини олишади ва ҳаттоки учинчи ва тўртинчи курсларида ҳам ўз йўналишларини ўзгартиришлари мумкин.

Донохон Кибриё Қаҳҳоровага доир илмий ишлари ҳақида мактаб ўқувчиларига сўзлаб бермоқда (Расмда Адабиётшунос Олима Мархабо Қўчқорова билан) Абдулла Қаҳҳор Уй Музейи, Тошкент, 2018 йил. Фото: Донохон Абдуғафурованинг шахсий архивидан.

Донохон илмий ишлари орқали стереотипларни енгишни хоҳлайди, докторантурани эса ўзининг аниқ мақсади деб атайди. «Мен АҚШда докторантурадаги ўқишимга қанча вақт сарфлашимни билмасдим, лекин ўз мақсадимга эришишни хоҳлардим», — дея қўшимча қилади у.

Донохоннинг айтишича, Америкада университетга кириш учун фақат хоҳишнинг ўзи етишмайди. Йўналишни аниқлаш ва қаерга топширишни ҳам билиш керак. Бошида у Америкадаги олийгоҳда ўзбек тилидан дарс бериш ҳақида ҳам ўйлаган, лекин бундай имкониятлар кам бўлганлиги учун у бошқа имкониятларни излаган. Шунда у «Эмори»га тўқнаш келади. «Бу имконият менга ўз қизиқишларим ва олдинги тажрибамни бирлаштириш имкониятини берди», — дейди у.

Донохоннинг дисертацияси қуйидагича номланади: «Public Selves, Private Selves and Mirrored Selves: Muslim Central Asian Women’s Approaches to Life Writing». Бошқача қилиб айтганда, у Совет Ўзбекистонида ўзбек ёзувчи-аёллари ва шоиралари ўз ҳаётларини асарларида қандай тасвирлаганларини ўрганади. Улар орасида Саида Зуннунова, Зулфия, Зарифа Саидносирова, Кибриё Қаҳҳоровалар бор. Ижоддан ташқари, ушбу аёлларни ўзбек ёзувчиларининг турмуш ўртоқлари бўлганликлари ҳам бирлаштиради, шунингдек, улар илмий/бадиий асарлар ҳам ёзишган. «Mirrored (Ойна) метафорасини мен аёлларнинг жамоатчилик олдидаги ва шахсий образларининг ўзаро алоқасини адабий асарлардаги кўринишини ифодалаш учун ишлатаман», — дея тушунтиради у.

Донохон ўрганган ёзувчи-аёллар орасида Анбар Отин ҳам бор, лекин у диссертацияга киритилмаган. Анбар — ўзбек адабиётида ёрқин, лекин афсонавий шахс, унинг ҳаёт бўлганлиги адабиёт доираларида шубҳа остига олинсада, унинг асарлари, айниқса «Қоралар Фалсафаси» асари жамиятдаги бир қатор муаммоларни кўтаради. Донохон у ҳақида бир нечта мақолалар ёзган. Мақолаларида Анбарнинг ҳақиқатда бўлганлиги ёки бўлмаганлиги эмас, мавжуд асарнинг аёллар қайғуси, ташвиши ва орзуларининг ифодаси эканлигига ва асрнинг бадиий ва ижтимоий қимматига эътибор қаратади.

— Мен кўпроқ Анбар Отин ҳақида гаплашмоқчи эдим. У ҳақида озгина маълумот бера оласизми?

— Пайқаган бўлсангиз керак, Анбар Отин жуда қизиқ шахс, баъзилар у ҳаёт бўлмаган ҳам дейишади. Бироқ бизда унинг асарлари бор. Биздаги маълумотларга кўра, у 1870 йилда Қўқонда туғилган ва тахминан 1915 йилда вафот этган. У жуда қисқа умр кўрган — бор йўғи 45 йил. Бой хотинлар уни «тили ўткирлиги» сабабли зинадан итариб юборишганлиги оқибатида Анбар умрининг охиригача фалаж бўлиб қолади.

Анбар «Рисалаи Фалсафаи Сиёҳон» асари орқали шуҳрат қозонади. «Рисала» фақатгина 43 бетдан иборат бўлганлигига қарамасдан жуда ҳам муҳим асар. У асарда оддий ва хўрланган одамлар ҳаёти ҳақида ёзади. У ёрдамга муҳтожларни барча нарсага қодирлардан ажратади. Унинг қалами ўткир, бу эса айрим эркакларнинг ғазабини келтирган.

Ўйлайманки, эркаклар томонидан бундай муносабат бўлиши табиий ҳолат эди, бундай муносабатлар бошқа жамиятларда ҳам кузатилган. Форс шоираларини ўрганувчи эронлик тадқиқотчи ёзган эди. Жамиятдаги мавжуд қоидалар асосида : «Агар олдингизда яхши адабий асар турган бўлса, у аёл кишининг қаламига мансуб бўлиши даргумон (деб ўйлашади). Агар аёлнинг талантини тан олсанг, адабиётга ҳурматсизлик қилган бўласан». Бу ерда эркаклар аёллар кучли асар ёзолмайди деган фикрга ёпишиб қолишгани ва шу орқали адабиётни ўз назоратлари остида ушлашлари кўрсатиб ўтилган. Мен Анбар ҳаёт бўлганлиги ёки йўқлигини исботлаш билан шуғулланмоқчи эмасман. Бизда унинг жамиятнинг оғриқли нуқталарини очиб берувчи ижтимоий муаммолар ҳақида ҳикоя қиладиган асарлари бор, шунинг учун уларни ўрганиш муҳим.

— Анбар маҳалладаги мактабда таълим олган. 19 асрнинг иккинчи ярмида таълим олган ўзбек қизи бўлиш қандай бўларди?

— Бу ўқишни билиш ва ёза олишни англатарди. Бу қизлар учун бошланғич босқич бўлган. Тарихдан биламизки, қизларни ёзишдан кўра ўқишга кўпроқ ўргатишган, чунки одамлар: «Агар қиз бола ёзишни ўрганса, у ишқий хатлар ёзишни бошлайди», деб ўйлашган ва таъқиқлашган.

Анбар Дилшод Барнодан таълим олган. Дилшод маҳалладаги отин бўлган. Қизлар бошланғич таълимни отинлардан олишарди. Улар маҳаллалардаги диний билимли аёллар бўлган. Шунингдек, ўқимишли аёллар ҳам отин саналган. Баъзида имомларнинг хотинлари ёки адабиёт билан таниш бўлганлар ҳам қизларга дарс беришган, чунки бошланғич таълим динга ҳам, дунёвий илмларга ҳам ўқитишни ўз ичига оларди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, Вашингтон, 2019 йил. Фото: Донохон Абдуғафурованинг шахсий архивидан.

— Анбарнинг ўзи ҳам отин бўлган, лекин тахаллус олмаган. Отин бўлиш жамиятда нимани англатар эди?

— Агар аёл кишига отин деб мурожаат қилинса, бу одамлар унинг зиёли эканлигини тан олишларини англатар эди. Анбар ўз билимлари билан ўзини ушбу мақомга лойиқ деб билган. Нодирий, Увайсий ва Мохлар-Ойимдан фарқли ўлароқ, Анбар ўзининг ҳақиқий исми билан ижод қилган. Буни унинг шахсиятининг бир қисми деб биламан.

— Анбар ногирон бўлиб қолган экан. Сиз бой хотинлар уни зинадан итариб юборганлиги, натижада унинг оёқлари синиб, фалаж бўлиб қолганлиги ҳақида ёзгансиз. Бу фожиа рўй берганида Анбар неча ёшда бўлган? Унинг бундай ҳолатга тушиши ижодига қандай таъсир кўрсатган?

— У 45 йил яшади. Бу фожиа унинг фарзандлари бўлган пайтда содир бўлган. У касал бўлган йилларда қизи унга ёрдам бергани ҳақида ёзади. Анбар ўғли ва бошқа фарзандлари ҳақида ҳам ёзган.

Бу бахтсиз ҳодиса албатта унинг ижодида из қолдирган. Биз унинг асарларида меланхолик ва депрессив кайфиятни кўришимиз мумкин. Бироқ, у келажакни ўзи кўра олмаслигини билса ҳам, уни ёрқин деб тасаввур қиларди.

— Сиз у келажакни ёрқин деб тасаввур қилганлигини айтдингиз ва мақолангизда Анбарнинг таърифидаги зулмат вақтинчалик ҳодиса эканини ёзгансиз. Унинг фикрича бу зулмат қачон тугашини тахмин қилиб кўриш мумкинми?

— Билим олиш орқали. У «қаро тун» ва «қаро зулмат» сўзларини ишлатади. Ёруғлик билим маъносида ҳам ишлатилади.

— Анбар сиёсий жиҳатдан фаол бўлган дея таъкидлаш мумкинми?

 — Мен у сиёсий фаол бўлган дейишдан тийилардим, чунки 19−20 асрдаги сиёсий фаоллик жадидларга хос бўлган. Аёллар унчалик фаол бўлмаган, деб ўйлаймиз, лекин Темур Кўчи Ўғли бундай фикрда эмас. Тўғри, жадидлар доирасида фаол аёллар бўлган, лекин мен Анбар уларга тааллуқли бўлган демасдим. У шунчаки ўзининг ҳиссиётлари, фикрлари ва умидлари билан бўлишган.

— Сиз ўз мақолангизда 19-асрда Марказий Осиёда кенг аёллар адабий жамияти шаклланганлиги ҳақида ёзасиз. Сизнингча, ушбу жамиятнинг ўсишига қандай омиллар сабаб бўлган?

— Марказий Осиёда адабий анъаналар кучли бўлган, бу Қўқон хонлигида Умархон ҳукмронлиги билан ҳам боғлиқ. Умархон адабиётни яхши кўрган, ўзи ҳам ижод қилган, шоирларни қўллаб-қувватлаган. Унинг турмуш ўртоғи, Нодира ҳам шеъриятни яхши кўрган ва аёллар ўртасида адабий алоқаларни ўрнатган. У Увайсийни хонликка таклиф қилган. Ва бу адабий доираларда «домино эффекти» иш берган, бу Анбарнинг адабиётга қизиқишини ҳам тушунтиради.

— Мақолангиздан иқтибос: «У (Анбар) ижоди рухсат берилган чегаралардан ташқарига чиқаётганлигини ва эркаклар ҳудудига ўтаётганлигини биларди». Худдики у ушбу чегараларни атайин бузгандек.

— У баъзи шеърларида шундай ёзади: «Эх, Анбаротинча, бу ҳақида гапирма, кўп одамлар бундай сўзларни деб жонидан айрилган, сен шунчаки аёлсан». У ёзувчилик эркакларга тегишли эканлигини тушунган, бу бир томондан у нима учун ўз асарларини оммага тақдим этишдан қўрққанини тушунтиради. Адабий доиралар аёл ёзувчилар учун очиқ бўлса ҳам, ҳукумат ва диний раҳбарларнинг танқид қилиниши катта жасорат эди.

АҚШдаги Жорж Вашингтон Университети, 2019 йил. Фото: Донохон Абдуғафурованинг шахсий архивидан.

— Анбар ўз шеърларида бу дунёга ёмон соатда келганини ёзади. Сиз бу сўзларни мақолангиз номида ишлатгансиз. Сизга фалсафий савол беришга рухсат беринг: У ҳақиқатдан ҳам ёмон соатда дунёга келганми? Биз буни қандай қилиб аниқ тушунишимиз мумкин?

 — Ҳа, у қуйидаги сўзларни ёзади:

Жаҳон-оғуга келган Анбар Отинман,

Ғаму қайғуга келган Анбар Отинман.

Ямон соатда келдим мен жаҳонга,

Ини жодуга келган Анбар Отинман.

Адаб аҳли оёқ остида хордур,

Чунин ёғуга келган Анбар Отинман.

Унинг ижодида вақт тушунчаси ва тарифи жуда қайғули. Ўқувчи Анбарнинг нотўғри вақтда дунёга келганман деган иддаосини тушунади, чунки унинг дунёси ҳимоясиз эди, у вақтда жуда аянчли нарсалар содир бўлаётган эди. Шунинг учун ҳам, у ҳаётида дуч келган барча қийинчиликлар ўша вақтга хос иложсиз эканини тан олади.

— Саволни бошқача берсам. Барчамиз ушбу ҳаётга аниқ бир мақсад ва миссия билан маълум бир вақт оралиғида келамиз. Анбар дунёга ёмон вақтда келгани ҳақида ёзади, лекин, фикримча бу у қилган ишларни инкор қилиш билан тенг. У биз билан бир вақтда дунёга келди деб тасаввур қилайлик, унда биз у ўз вақтида туғилди дея оламизми?

— Нима ҳақида гапираётганлигингизни энди тушундим. «Эрта» ёки «ўз вақтида» тушунчалари кўплаб омилларга боғлиқ бўлиши мумкин. Унинг меланхолик кайфиятини инобатга олсак, балки унинг сўзларида оғир психологик ҳолат акс этгандир. Агар аёллар қандайдир мақсадларига эриша олишлари ҳақида гапирсак, у яхшироқ вақтлар олдиндалигини назарда тутган. Унинг фикрига кўра, аёл киши таълим олиши ва кучли бўлиши мумкин бўлган вақт келади. У шу орқали ўзини келгуси замон яхши бўлишига ишонтирган.


Донохоннинг академик йўли шу билан тугаб қолмайди, балки энди бошланмоқда. Келажакда у ислом этикаси, келинларнинг қариялар ва ота-оналар ҳақида ғамхўрлик қилишдаги ўрни масалаларини ўрганишни режалаштирмоқда. «Қариялар ҳақида қайғуриш бўйича ғарб ижтимоий нормалари шарқникидан фарқ қилади, ва мен учун бу муҳим йўналиш», — дейди у.

Интервьюмиз сўнгида мен Донохондан унга қандай савол беришимни хоҳлашини сўрадим. У эса «Донохон ўзи ким?» деган савол билан юзланишимни сўради. Донохон — далада ишлашни ёмон кўрган ва таълимни ягона қутқарув йўли деб билган қишлоқ қизи. Онаси эриша олмаган мақсадни рўёбга чиқарган қизалоқ таълим олиб, онасининг фахри бўлди. Академик карьера қилиш учун ота-онасининг оқ фотиҳасини олган ва турмуш ўртоғи томонидан қўллаб-қувватланган, фан доктори бўлган «қизалоқ».