Исроилнинг NSO Group компаниясига тегишли дастурий таъминотдан дунёнинг турли бурчакларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни кузатиш учун бир нечта давлат ҳукуматлари ҳамда махсус хизматлари фойдаланишган. Бу ҳақда The Guardian томонидан 16 та медиа-ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борилган суриштирув, «Pegasus лойиҳаси«да айтилган.

The Guardian хабарига кўра, NSO Pegasus жосуслик дастури iOS ва Android уяли телефонларига яширин жойлашиб олиб, улардан хабар, фотосурат ва электрон почта хабарларини олишга, қўнғироқларни ёзиб олишга ва микрофонларни яширинча фаоллаштиришга имкон берган.

Журналистлар ўз фуқароларини кузатадиган ва NSO Group мижозлари бўлган мамлакатлардан 50 минг телефон рақамлари рўйхатини олишган. Ушбу рўйхатни Парижда жойлашган Forbidden Stories журналистик нотижорат ташкилоти ва Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти «Pegasus лойиҳаси» доирасида нашрларга тақдим этган.

«Рўйхатда телефон рақамининг бўлиши, қурилмада Pegasus ўрнатилганлиги ёки уни бузишга уринилганлигини исботламайди. Бироқ ОАВлар консорциуми ушбу маълумотлар NSO мижоз-давлатлари томонидан кузатиш мўлжалланган шахсларга ишора қилади, деб ҳисоблайди», — дейилади суриштирувда.

Журналистлардаги маълумотларга кўра, рўйхатда юзлаб компаниялар раҳбарлари, диний арбоблар, олимлар, нодавлат ташкилотлар ва касаба уюшма ходимлари ҳамда расмийлар, жумладан вазирлар, президентлар ва бош вазирларнинг мобил рақамлари мавжуд. Нашрлар яқин кунларда рақамлари рўйхатга киритилган одамларнинг кимлигини ошкор қилишни режалаштирмоқда.

Нашрлар рўйхатда дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган 180 нафар журналистни, шу жумладан Financial Times, CNN, New York Times, France 24, Economist, Associated Press ва Reuters каби етакчи оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари, муҳаррирлари ва раҳбарларини аниқлашга муваффақ бўлдилар.

Журналистлар кузатилган мамлакатлар

Forbidden Stories инфографикаси.

Тарқалган маълумотларни таҳлил қилиб, журналистлар NSO мижозлари деб таҳмин қилинган ва тизимга рақамларни киритган камида 10 та давлатни аниқладилар: Озарбайжон, Баҳрайн, Қозоғистон, Марокаш, Руанда, Саудия Арабистони, Венгрия, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари. Умуман олганда, рақамлар тўрт қитъадаги 45 дан ортиқ мамлакатларни қамраб олган.

Руанда, Марокаш, Ҳиндистон ва Венгрия рўйхатдаги шахсларнинг телефонларини бузиш учун Pegasus`дан фойдаланилганини рад этишди. Озарбайжон, Баҳрайн, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Мексика ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари журналистларнинг сўровларига жавоб бермадилар.

NSO`нинг ўзи бир нечта баёнотларида мижозларининг фаолияти тўғрисида «тасдиқланмаган айбловларни» рад этди, аммо «[дастурий таъминотни] суиистеъмол қилиш бўйича барча ишончли даъволарни текширишда давом этишига» ваъда берди. Компания ошкор қилинмаган 40 мамлакатда ҳарбий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва разведка идораларига дастурий таъминотни сотади ва жосуслик дастурларини сотишдан олдин мижозларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича репутациясини яхшилаб текширишини маълум қилди.

The Guardian нашрининг таъкидлашича, Исроил Мудофаа вазирлиги NSO ишини қатъий тартибга солади ва бошқа мамлакатлар томонидан унинг дастурий таъминотини сотиб олиш учун индивидуал экспорт лицензияларини тақдим этади. Аввалроқ, NSO мижозлар билан тузилган шартномалардан кўчирмаларни эълон қилган. Уларда компаниянинг технологиясидан фақат жиноий ва миллий хавфсизлик бўйича тергов учун фойдаланиши кераклиги айтилган.

«NSO мижозлари Pegasus`дан терроризм ёки жиноятчилик ҳаракатларини текширишда фойдаланмаган деб тахмин қилиш учун ҳеч қандай асос йўқ. ОАВлар консорциуми рўйхатда гумон остидаги жиноятчиларнинг рақамларини ҳам топди. Бироқ жиноятчиликка алоқаси бўлмаган одамларга тегишли кўплаб рақамларнинг борлиги, баъзи NSO мижозлари демократия тарафдорлари ва коррупция бўйича суриштирув ўтказаётган журналистлар, шунингдек сиёсий мухолифлар ва ҳукумат танқидчилари ортидан жосуслик қилиб, компания билан тузилган шартномаларни бузаётганилигини кўрсатмоқда», — деб ёзади The Guardian.

Pegasus телефонга қандай киради ва у нимага қодир?

Ҳужум усуллари: Pegasus телефонга WhatsApp ёки iMessage каби оммабоп иловларнинг заифликларидан фойдаланган ҳолда ёки қурилма эгаси ўтиши мумкин бўлган вирусли ҳавола орқали ўрнатилиши мумкин.

Дастур имкониятлари: СМС, электрон почта хабарларини чиқариш, WhatsApp чатларига кира олиш имконияти, фотосуратлар ва видео, контактлар рўйхати, микрофон ва камерани фаоллаштириш, қўнғироқларни ёзиб олиш, GPS маълумотлари ва тақвим.

«Pegasus лойиҳаси» ҳақида

«Pegasus лойиҳаси» — NSO Group ва унинг мижозлари фаолиятини ўрганувчи журналистик суриштирув. Компания кузатув технологиясини бутун дунё ҳукуматларига сотади. Унинг асосий маҳсулоти iOS ва Android қурилмалари учун мўлжалланган жосуслик Pegasus дастурий таъминоти ҳисобланади.

Парижда жойлашган Forbidden Stories журналистик нотижорат ташкилоти ва Amnesty International ташкилоти NSO мижозлари томонидан кузатилиш эҳтимоли бўлган 50 мингдан ортиқ телефон рақамлари рўйхатини қўлга киритишди. Рўйхат 2016 йилга тўғри келади. Рўйхат The Guardian ва бошқа 16 нашр, шу жумладан The Washington Post, Le Monde, Die Zeit ва Süddeutsche Zeitung`га тақдим этилган. Бир неча ой давомида 80 дан ортиқ журналистлар биргаликда Amnesty International хавфсизлик лабораториясининг техник кўмаги билан Forbidden Stories томонидан мувофиқлаштирилган суриштирув устида иш олиб боришди.