1 — 10 август кунлари Хатлон йўналишида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларида Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучларининг кенг кўламли қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар бермоқда.

Афғонистон билан чегарада жойлашган «Харбмайдон» ҳарбий полигонида Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг терроризмга қарши қўшма машғулотлари бўлиб ўтади.

Машғулотларда уч давлатнинг ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари, зирҳли техника ва махсус қўшинлари иштирок этади. Машғулотнинг мавзуси Афғонистондан Тожикистонга террорчилар кириб келган тақдирда чегарадаги уч давлат ҳарбийлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўлади.

Манбада таъкидланишича, режалаштирилган маневрлар «Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг биринчи тўлиқ қўшма машғулотлари» ҳисобланади.

Аввалроқ, Россия ҳарбий мутахассислари ва Ўзбекистон ҳарбийлари билан ҳамкорликда «Сазаган» дала-ўқув майдонида «БТР-82» жанговар техникаси ва «АГС-17» гранатомётларидан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.