Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати делегациялари Қатардаги музокараларнинг янги раундида барча афғонлар манфаатлари учун ислом тамойиллари асосида компромиссга эришиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда ҳукумат делегацияси ва Миллий сулҳ бўйича Олий кенгаш раҳбари Абдулла Абдулла ўқиб эшиттирган коммюникеда айтилади.

«Томонлар муаммога иложи борича тезроқ адолатли ва мустаҳкам ечим топиш бўйича келишувга эришди. Улар Афғонистон эркаклари ва аёллари манфаатларига жавоб берадиган ислом тамойилларига хос компромиссга эришиш кераклигини тушунишади», — дея баёнотдан иқтибос келтиради РИА Новости.

Бироқ Афғонистон бўйича музокараларнинг икки кунлик раунди натижасида томонлар қисқа муддатга ўт очишни тўхтатиш ёки асирларни озод қилиш бўйича келишувга эриша олишмади.

Олдинроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳукуматига 7000 нафар ўз тарафдорлари бўлган маҳбусларни озод қилиш эвазига уч ойлик сулҳ таклиф қилган эди.