Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Тошкент вилоятида

Маълум қилинишича, фуқаролар Р.Қ. ва Б.Р.лар фуқаро И.нинг ишончига кириб, унга ваколатли танишлари орқали Қибрай тумани ҳудудида жойлашган 7 гектар ер майдонини тендер савдоларига қўйиш орқали сотиб олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига Р.Қ ва Б.Р. лар 23 минг 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ушбу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.

Сурхондарё вилоятида

Қайд этилишича, «П» фермер хўжалиги раҳбари Ҳ.Ҳ. фуқаро А.га Бандихон туманидаги давлат захирасида бўлган 2 гектар ер майдонини ўзиники эканлигини айтиб, ушбу ер майдонини фирибгарлик йўли билан сотишни режалаштирган ва олдиндан келишилган 100 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу ҳолат Департамент ҳамда ДХХнинг Ангор тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.