Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 июль куни Чилонзор туманидаги савдо маркази биносида ташкил этилган коронавирусга қарши курашиш шифохонасида бўлди, деб хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати (видео). Ҳоким марказдаги шароитларни кўздан кечириб, у ерда бемор ва шифокорлар билан суҳбатлашди.

Шифокорлардан бирининг таъкидлашича, марказда 500 дан ортиқ умумий кислород нуқталари мавжуд бўлиб, ҳозирда уларнинг барчасидан реанимацияда фойдаланилмоқда.

Шаҳар ҳокими бемор ва уларнинг яқинларидан вакцина олгани ҳақида сўради ва асосан «йўқ» деган жавобни олди.

Ҳоким билан суҳбатда беморлардан бири 1 июль куни келганлигини айтди. Ҳоким эса унга уйда даволанишни маслаҳат берди. «Телефон ўйнаб ўтиришингиздан тузукка ўхшайсиз. Агар тузук бўлсангиз уйда даволанинг», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. Бемор ўз навбатида: «Менга қолса ҳозир ҳам кетардим. Ўпкамда озгина бор», дея жавоб берди.

Ҳоким ундан ҳам вакцина олгани ҳақида сўради ва рад жавобини олди.

У шунингдек, марказ ходимларидан дори-дармонлар етарли ёки йўқлиги ҳақида сўради. Дори-дармонлар захираси етарли экани айтилди.

Шаҳар ҳокими бир палатада 8 нафар бемор учун жой қилингани борасида шифокорлар фикри билан ҳам қизиқди.

«Қулай бўлди. Бир кирганда бошқаларни ҳам назорат қилиш осон бўлди», — дейди шифокорлардан бири. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қўшимча қилишича, «бу янги метод».

Бошқа бир бемор ҳокимга шифокорлар яхши қарашаётганини айтди. «Раҳмат, барака топинглар. Давлатимизга мингдан-минг раҳмат. Шифокорларимизнинг ҳаммаси яхши, гап бўлиши мумкин эмас. Бугун сизни роса эсладим. „Шаҳар ҳокими келади“ дегандим, палатадагилар ишонмаган эди», — деди бемор.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Марказ ходимларидан бирининг сўзларига кўра, шифохонада 65 фоиз аёллар даволанмоқда ва улар орасида вакцина олган беморлар ҳам бор. Бироқ, эмланган фуқароларда касаллик енгил формада ўтмоқда. «4−5 кунда соғайиб чиқиб кетяпти», — деди шифокор. Вакцина олган 33 нафар бемор 3 кунда даволаниб чиққани қўшимча қилинди.

Ҳоким эса вакцинация жараёни муҳимлиги, касаллик шу тарзда тарқалишда давом этса, кун келиб жой топиш муаммога айланиши мумкинлигини қайд этди.

«Вакцинани текин берсак ҳам олишмаяпти. Тезда [фуқароларга] вакцина қилиш керак. Бўлмаса, эртага одамларни жойлаштира олмаймиз. Ўзини-ўзи эҳтиёт қилмаса, эртага жой ҳам қолмайди», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Аввалроқ, Тошкентдаги «Ёшлик» ва «Универсал» спорт мажмуалари ҳамда «Ўзэкспомарказ»да жойлашган коронавирус беморлари учун тақсимлаш марказлари фаолияти қайта йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги спорт саройида ҳам COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун заҳира маркази очилаётгани қайд этилган.