Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашадиган тошкентлик спортчилар 100 млн сўмдан мукофотланди, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри номидан ХХХII ёзги Олимпия ҳамда ХVI ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган 20 нафар, жумладан 17 нафар Олимпия ва 3 нафар Паралимпия спортчиларга уларни руҳлантириш мақсадида шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан 100 млн сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни бўлиб ўтган Ёшлар билан учрашувда Олимия ва Паралимпия ўйинларида қатнашадиган спортчиларни мусобақадан аввал ҳам кайфиятини кўтариш кераклиги ҳақида айтган эди. «Қанча уларни эътироф этсак уларда ғалабага эҳтиёж пайдо бўлади», — деган эди президент.

Бунга қадар, Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган бир гуруҳ Тошкент вилояти спортчиларига уй, Spark русумли автомобиллар ҳамда пул мукофотлари топширилган эди.

Маълумот ўрнида, президент қарорига асосан Олимпия ва Паралимпия ўйинларида олтин медаль олган спортчилар учун 200 минг, кумуш медаль учун 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг АҚШ доллари берилиши ҳам кўзда тутилган.