Бухорода 20 сотих ерни 8000 долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ Ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.А. ўзга бир фуқарони алдаб, Бухоро тумани Работиқалмоқ маҳалласи ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида турган 20 сотих ер майдонини 8000 АҚШ долларига сотишга келишганлиги аниқланган.

Б.А. Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали биноси олдида кимёвий ишлов берилган пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.А. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Фирибгарлик хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.